“ХОРАЗМ ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖ ТОМОНИДАН ДАВЛАТ ДАСТУРЛАРИ ДОИРАСИДА ҚАТОР ЛОЙИҲАЛАР АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА
Мамлакатимизда қиш ойларига қарамай улкан бунёдкорлик ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бугун қай вилоятга борманг, ҳатто чекка ҳудудларда ҳам ўзгача қиёфани кўрасиз. Қишлоқларимиз ҳам шаҳарлардан қолишмайдиган даражада замонавий кўринишга эга бўлиб, кўркамлик касб этмоқда.
“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, жумладан, электр энергетика соҳасини ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида»ги ПҚ–2661-сонли қарорига мувофиқ жамият томонидан 356,2 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари янгидан қурилиб, талабга жавоб берадиганлари қайта таъмирланди. Бундан ташқари аҳолига электр энергиясини сифатли етказиб бериш мақсадида 155 дона трансформатор пункти реконструкция қилиниб, янгилари қурилди. Бунинг натижасида ҳудуддаги 100 488 та хонадоннинг электр таъминоти яхшиланиб, тармоқлардаги технологик йўқотишлар 7,5 млн кВт·соатга камайтирилишига эришилди.
Шу билан бирга, қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан яхшилаш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтиришга қаратилган «Обод қишлоқ» дастури доирасида ҳам қатор ишлар қилинди. Хусусан, 2019 йил жамият томонидан вилоятда жами 703,3 км электр тармоқлари ўтказилиб, 226 та трансформатор пункти янгидан қурилди. Айримлари тўлиқ таъмирдан чиқарилди.
Бундан ташқари “Обод маҳалла” дастури асосида жорий йилнинг ўзида воҳада 49,1 км узунликдаги электр тармоқлари ўтказилиб, 59 та трансформатор пунктида қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.
Бугунги кунда “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти олдига энергетика соҳасини янада ривожлантириш, хусусан, маҳаллий аҳоли, ҳаттоки чекка қишлоқларга ҳам узлуксиз электр энергиясини етказиб бериш каби кенг миқёсдаги вазифалар қўйилганки, уларнинг ижроси борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳолининг электр энергияга бўлган истиқболдаги талаб-эҳтиёжлари прогнозларини инобатга олган ҳолда 2020 йилга электр энергетика тармоғида ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режа дастурлари ишлаб чиқилмоқда.
“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати.