ALOQA UCHUN

Хоразмда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ишлари жадал амалга оширилмоқда

Хоразмда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ишлари жадал амалга оширилмоқда

  Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари жадал амалга оширилмоқда.

  Айни кунларда “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан электр энергияси истеъмолчиларига замонавий электр ҳисоблагичларини ўрнатиш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Хусусан, Урганч шаҳрининг деярли барча хонадонларидаги эски ҳисоблагичлар замонавийларига алмаштирилиб, эндиликда бу борадаги ишлар вилоят туманларида ҳам жадал суръатларда бажарилаётир.

  Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг декабрь ойи бошида Янгиариқ ва Шовот туманларида янги турдаги ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари бошланган бўлиб, ҳозирги кунга келиб деярли ниҳоясига етди. Биргина Янгиариқ туманида 18 кун давомида 7000 та ҳисоблагич ўрнатилди.  

–  Замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилган ҳисоблагичларнинг афзалликларини билгач, бундай ҳисоблагичлар бизнинг чекка ҳудудларимизга ҳам ўрнатилаётганидан жуда мамнун бўлдик. Айниқса, истеъмол қилинган электр энергияси учун тўлов уйдан чиқмаган ҳолда амалга оширилиши нур устига аъло нур экан. Бундай шароитларни яратаётган мутасаддилардан жуда миннатдормиз, – дейди нафақадаги ўқитувчи  Гулбаҳор опа Ортиқова. 

  Янги турдаги ҳисоблагичларнинг чекка ҳудудларга ҳам бирдай ўрнатилаётганлиги истеъмолчилар томонидан ижобий эътироф этилмоқда, бу эса ўз навбатида, жамият ишчи-ходимларининг ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам тинмай меҳнат қилишга ундамоқдаки, бунинг исботини иккала туманда қарийб 20 кун давомида 12 649 та ҳисоблагич  ўрнатилганидан ҳам англаш мумкин.

  Ҳисоблагичлар ўрнатиш жараёнларида жамият ходимлари истеъмолчиларга бундай янги турдаги ҳисоблагичларнинг афзалликлари ҳақида тўлиқ маълумотлар ҳам бериб ўтмоқдалар. Бундан ташқари қишнинг совуқ кунларида электр энергияси, иситиш печларидан қандай фойдаланиш кераклиги ҳақида ҳам огоҳлантириб, юзага келиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалар ҳақида тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар. 

  “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ Матбуот хизмати.

  • 23.12.2019
  • 1325
Sayt xaritasi