“Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ огоҳлантиради
Сўнгги пайтларда республикамизнинг турли ҳудудларида аҳоли хонадонларига кириб «Биз электр тармоқлари корхонасиданмиз, хонадонингиздаги электр жиҳозларини текширгани келдик», дея электр ҳисоблагич ва бошқа электр жиҳозларига бирров қараб қўйиб, мажбурий тўлов ундириб юрган ҳолатлар кўплаб учрамоқда.
Бу корхоналар аслида маҳаллаларда юриб, аҳолига ўз хизматини таклиф этиши, хонадон эгалари рози бўлса сўнг ўша хонадондаги электр жиҳозлар ва ҳисоблагичларни кўрикдан ўтказиши, носоз ўрнатилганини созлаб бериши, сўнг бажарган ишига хизмат ҳақи олиш ваколатига эга.
Электр энергияси истеъмолчилари учун эслатма сифатида шуни таъкидлар эдикки, бундай якка тадбиркорлик субъектлари ҳамда хусусий корхоналарнинг “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва унинг таркибий корхоналарига алоқаси йўқ ва улар билан ҳеч қандай шартномага эга эмас.
Хабарингиз борки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги ПҚ-4249-сонли қарорига асосан электр энергияни якуний истеъмолчиларга тақсимловчи ва сотувчи ҳудудий электр тармоқлари корхоналарини бошқаришни амалга оширувчи «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ташкил этилган.
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ таркибига электр тармоқларини эксплуатация, шунингдек, мазкур объектларнинг ривожланиши доирасида янги қурилиш, реконструкция, капитал ва жорий таъмирлаш ишларини амалга оширувчи 14 та ҳудудий электр тармоқларидан иборатдир. Ҳудудий электр тармоқларининг ўз навбатида ҳар бир туман ва шаҳарда электр тармоқлари корхоналари фаолият юритмоқда. Корхона ходимлари ўз хизмат гувоҳномалари ва тегишли хизмат кийимларига эга.
Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ барча электр энергия истеъмолчиларини келаётган Янги йил билан табриклаб, хонадонгизга ташриф буюриб, ўзини электр энергияси корхонаси ходими деб таништирган шахслардан хизмат гувоҳномасини талаб қилиб текширган ҳолда муомилага киришишни сўрайди.
Келгусида бу каби ҳолатлар учраган тақдирда, истеъмолчилардан “Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг 1154 қисқа рақами ёки “Ҳудудий электр тармоқлари билан мулоқот” телеграм-каналига мурожаат қилишларини сўраймиз.
“Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ Матбуот хизмати.