«ФАРҒОНА ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ КОРХОНАСИ» АЖДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ МАВЗУИДА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ
«Фарғона ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ташаббуси билан Фарғона шаҳар прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида коррупцияга қарши кураш мавзусига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Таъкидланганидек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари хизматчилари томонидан порахўрлик, коррупцияга йўл қўйилиши давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етказиб, халқимиз ишончининг пасайишига олиб келади.
– Коррупцияга қарши курашишда нафақат мансабдор шахслар, балки фуқаролар ҳам фаоллик кўрсатиши талаб этилади. Уларнинг бу борадаги ҳуқуқий маданиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга, – дейди шаҳар прокурори ёрдамчиси Х. Рахимжонов.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг асл моҳиятини билиш билан бирга, жамият ривожи учун тўсиқ бўладиган ғовларни биргаликда енгишда муҳим ҳуқуқий ҳужжат эканлиги, коррупция давлат бошқаруви тизимини емириши, давлат ташкилотлари ва давлат хизматчиларига салбий муносабатни вужудга келтириши, ҳокимиятнинг обрўсизланишига сабаб бўлиши алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, Асосий қонунимиз юқорида қайд этилган жирканч иллатларга қарши курашишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши, қонунийлик, очиқлик, шаффофлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги, тизимлилик ва бошқа бир қатор сифатлар билан коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳисобланиши қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари» АЖда ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жамият ходимларининг мазкур қонун мазмун-моҳиятидан хабардорлигини ошириш мақсадида бу каби тадбирлар жамиятнинг қуйи тузилмалари томонидан ҳам ўтказилмоқда.
«Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ матбуот хизмати.