КЎП ФУНКЦИЯЛИ ЭЛЕКТР ҲИСОБЛАГИЧЛАР - ИННОВАЦИОН ТЕХНОЛОГИЯ НАМУНАСИ
Мамлакатимизда кейинги йилларда фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун ҳар томонлама қулайлик яратишга алоҳида аҳамият қаратилаётганлиги боис замондошларимизнинг турмуш тарзи яхшиланиб бормоқда. Жумладан, электр энергетика тизимига ҳам инновацион технологиялар кириб келмоқда. Буни мамлакатимиз бўйлаб босқичма-босқич электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари жадаллик билан олиб борилаётганида ҳам кўришимиз мумкин.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрда “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан юртимизнинг барча ҳудудларида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини (АСКУЭ) жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, бу борадаги ишлар Қарши шаҳрида ҳам изчиллик билан олиб борилмоқда.
Вилоятда энерготизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини электр энергияга бўлган эҳтиёжини янада қондиришга қаратилган ишлар режа асосида бажарилмоқда. Қарши шаҳрида 61 минг 725 аҳоли хонадони ва 4842 та улгуржи истеъмолчи мавжуд бўлиб, уларга “Электрон ҳисоблагич” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган кўп функцияли электрон ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари намунали ташкил этилган.
Қарши шаҳар электр таъминоти корхонаси тасарруфидаги трансформатор пунктларига концентратор қурилмалари ўрнатилиб, истеъмолчиларнинг фойдаланган электр энергияси истеъмоли ва тўловларини онлайн режимида кузатиб бориш имконияти яратилган. Ушбу замонавий электр ҳисоблагичларнинг жорий этилаётгани истеъмолчи ва электр таъминоти корхонаси ўртасида адолат мезонини яратади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу электр ҳисоблагичлар истеъмолчиларга бепул ўрнатилаётир.
“Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.