КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ
Коррупция ҳар қандай жамият ривожига тўсиқ бўладиган иллат ҳисобланиб, унинг дастлабки кўринишлари узоқ ўтмишда пайдо бўлган. Унга қўл урган шахс қонунларни турли йўллар билан айланиб ўтиш орқали ўз манфаатларини кўзлаб иш тутади ва бу билан бошқаларнинг манфаатига зарар келтиради. Охир оқибатда эса қонунлар бузилиб, бошқа шахс ёки шахслар моддий ва маънавий йўқотишларга учрайди. Бу эса, ўз навбатида, жамият ривожига таъсирини ўтказмай қолмайди. Бугунги кунда мамлакатимизда ушбу иллатга қарши курашиш устувор вазифалардан этиб белгиланган.
“Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган учрашувда бу ҳақда батафсил сўз борди. Тадбирда жамият бош директори З. Керимзатов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 27 май куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган вазифаларни бажариш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорлар, балки ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлмоғи лозим эканлиги, ушбу иллатнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб бориш кераклигини қайд этди.
Таъкидлаб ўтилганидек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тизимидаги корхоналарда коррупцияга қарши кураш тадбирлари олиб борилаётганига қарамай Бухоро вилоятида 6 та, Самарқанд вилоятида – 5 та, Фарғона вилоятида – 6 та, Сурхондарё вилоятида – 4 та, Тошкент вилоятида – 3 та, Андижон вилоятида 1 ҳолатда масъул ходимларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган бўлиб, уларнинг кўпчилиги коррупция билан боғлиқ. Бугун коррупцияга қарши кураш – давр талаби эканлиги, давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларда коррупциянинг турли кўринишларига қарши курашиш борасида ҳукуматимиз томонидан қатъий чоралар кўрилиб, Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларни кенг омма орасида тарғиб қилиш ва мазмун-моҳиятини тушунтириш лозимлиги, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва чек қўйиш, шу билан бирга унинг оқибатлари, шунингдек, бунга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш ва жиноят учун жазо муқаррарлиги юзасидан барча ходимлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
“Қорақалпоғистон электр тармоқлари корхонаси” АЖ Матбуот хизмати.