“Тошкент шаҳар электр тармоқлари” АЖ томонидан бунёдкорлик ишларига муносиб ҳисса
Бугун республикамизнинг қайси бир ҳудудида бўлманг, барча қулайликларга эга, замонавий уй-жой мажмуалари, шаҳарчалар бунёд этилаётганининг гувоҳи бўласиз.
Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан намунавий лойиҳалар асосида жуда кўплаб янги турар жой мажмуалари барпо этилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрининг деярли ҳар бир туманида бунёд этилаётган янги, замонавий ва кўркам кўп қаватли уйлар бугун шаҳримиз кўркига кўрк қўшмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2660-сонли қарори ижросига асосан “Toshkent shahar elektr tarmoqlari korхonasi” акциядорлик жамияти томонидан янги уй-жойларнинг ташқи электр таъминотини қуриш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2017 йилда пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 2 минг 576 квартирага мўлжалланган 151 та кўп қаватли уй қуриб битказилиб, хонадон эгаларига калитлари топширилди. 2018 йилда эса 4 минг 88 квартирали 102 та кўп қаватли арзон ва қулай турар жой барпо этилиб, жорий йил охиригача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Айни вақтда мазкур хонадонларнинг ташқи электр таъминоти ишларини сифатли бажариш юзасидан жамият ишчи-ходимлари тинимсиз меҳнат қилмоқдалар.
Хусусан, тумандаги янги қурилаётган мавзенинг 8-участкаси бўйича 30,0 км 10 кВ ҳамда 25,8 км 0,4 кВ кабель тармоқлари ётқизилди. Шунингдек, мавзенинг “Истиқбол” нимстанцияси орқали электр энергияси билан таъминловчи қисмига 10 кВ 13,9 км кабель тармоқларини ётқизиш ишлари тугатилди. Шу билан бир қаторда 16 та 2ГКТП 630 кВА трансформатор ўрнатилди.
Худди шундай ишлар мавзенинг 9-участкасида ҳам олиб борилмоқда. Бу ерда 30,0 км 10 кВ ҳамда 27,0 км 0,4 кВ, бундан ташқари “Истиқбол” нимстанцияси орқали электр энергияси билан таъминланувчи қисмига – 10,0 км 10 кВ кабель тармоқлари ётқизиш ишлари поёнига етиб, 14 та 2ГКТП 630 кВА трансформатор ўрнатилди.
Мавзенинг 10-участкаси бўйича ҳам режадаги ишлар босқичма-босқич жадаллик билан олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, мавзедаги янги бунёд этилаётган 110/10 кВли “Истиқбол” нимстанциясининг қурилиш ишлари жорий йилда бошланган бўлиб, айни дамда Т1 трансформаторга кучланиш берилди. Ушбу нимстанция мавзедаги барча янги 10 кВли трансформаторларга электр энергиясини тақсимлайди.
Биламизки, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ буюртмаси ва “Боштранслойиҳа” АЖ лойиҳаси асосида “Кўприк қурилиш трести” УК томонидан барпо этилаётган Тошкент метрополитенининг Сергели метро йўналишида ҳозирги кунда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида узунлиги 7,1 километр бўлган метрополитен линияси ва 6 та бекат қурилиши белгиланган бўлиб, мазкур объектларни янги ишга туширилган 110/10 кВли “Истиқбол” нимстанцияси электр энергияси билан таъминланиши режалаштирилган.
Ўйлаймизки, “Toshkent shahar elektr tarmoqlari korхonasi” акциядорлик жамияти ҳам юрт тараққиёти, халқ фаровонлиги, қолаверса юртимизда кечаётган бунёдкорлик жараёнларига ўзларининг муносиб меҳнатлари билан ҳиссаларини қўшадилар.
“Toshkent shahar elektr tarmoqlari korхonasi” АJ
Матбуот хизмати.