ALOQA UCHUN

АСОСИЙ МАҚСАДИМИЗ – МУРОЖААТЛАРГА ДОИМИЙ ЭЪТИБОР

АСОСИЙ МАҚСАДИМИЗ – МУРОЖААТЛАРГА ДОИМИЙ ЭЪТИБОР

 

Халқ дарди билан яшаш, унга хизмат қилиш азал-азалдан миллатимизга хос  эзгу фазилатлардан саналади. Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида ўтказилган сайёр қабуллар давомида айни ҳақиқат яна бир бор ўз тасдиғини топди. Чунончи, жойлардаги мавжуд муаммоларни вақтида бартараф этиш, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш каби масалаларни ҳал қилишга қаратилган бундай тадбирлар  аҳолини, чекка овул ва қишлоқларда яшовчи фуқароларни қийнаётган масалалар билан яқиндан танишиш имконини беради.

«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раисининг биринчи ўринбосари Феруз Қурбонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Хўжайли туманининг  чекка овулларидан биридаги электр таъминоти ҳолати билан танишиш мақсадида маҳаллий аҳоли билан учрашди.

Таъкидлаш жоизки, мулоқот ноанъанавий тарзда, яъни электр тармоқларида кучланиш пасайиб кетиши мумкин бўлган кечки пайтда бошланганининг ўзи ижтимоий масалалар ечимига фақатгина сўзда эмас, балки амалда катта эътибор қаратилаётганидан далолат беради. Водник қишлоғидаги Қумовул маҳалласида ҳозирда 120 та оила истиқомат қилади. Уларга хизмат кўрсатиб турган трансформатор эса 100 та оилага мўлжалланганлиги, хонадонларга келиб турган электр қуввати белгиланган меъёрдан паст эканлиги маълум бўлди. Орадан бир кун ўтмасдан бу муаммо ўз ечимини топди, яъни бу ерга янги трансформатор ўрнатилди ва қишлоқ аҳолисининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилди. Эътиборли томони шундаки, анча йиллардан буён маълум даражада қийинчилик туғдириб келган ушбу муаммо шу жойнинг ўзида ҳал этилди.

Президентимиз томонидан халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари вакиллари халқнинг олдига келиб уларни қийнаб келаётган масалаларни жойида ўрганиши керак, деган ибораси бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканлигини сайёр учрашувлар давомида муҳокамага олиб чиқилиш эҳтимоли жуда кам бўлган муаммолар мавжудлигидан ҳам англаса бўлади. Хусусан, ишчи гуруҳ аъзолари эътиборини тортган масалалардан бири ушбу қишлоқда истиқомат қиладиган 80 яшар ёлғиз онахон ҳақидаги хабар бўлди.

Овулнинг чеккасидаги уйда яшайдиган Турдибика она Қорақалпо­ғистоннинг шимолида туғилиб вояга етган. Ҳаётнинг жуда кўп синовларини бошидан кечирган онахон барвақт турмуш ўртоғи ва ўғлидан ажраган. Тақдирга тан бериб, бор кучини кенжа қизининг тарбиясига қаратган онахон ҳаётидаги қайғули воқеалар билан боғлиқ жойдан йироққа кетишга қарор қилади ва ҳозирги яшаш жойига кўчиб ўтади.

– Қизим оилали, турмуши ёмонмас, Аллоҳга шукр. Унинг ўзи ҳам, куёвим ҳам мени бирга яшаш учун олиб кетишмоқчи бўлишган, лекин мен розилик бермадим. Бутун ҳаётим давомида қишлоқда яшаб меҳнат қилишга одатланганман, бу ернинг мусаффо ҳавоси мени соғлиғимга катта фойда беради, – дейди Турдибика она.

Унинг кичкинагина уйининг ёнида меҳр билан парваришланаётган боғи бўлиб, унда турли хил мева дарахтлари мавжуд. Бундан ташқари онахон ҳар йили томорқасидан қовун-тарвуз, қовоқ, помидор, пиёз каби дала неъматларидан ҳам мўл ҳосил йиғиб олади. Бу ишларда онахонга қўшнилари ҳам яқиндан ёрдам беришар экан.

Онахоннинг ҳаёт қувончларию ташвишлари ҳақидаги ҳикояларини эшитиб, ишчи гуруҳ аъзолари шунча синовларга бардош берган матонатли онахонга қандай ёрдам кераклиги билан қизиқдилар.

– Менга нима ҳам зарур бўларди, фақатгина совуқда уйга сув ташишга қийналяпман, – деди Турдибика она.

Камтарин инсоннинг ушбу илтимоси ўрганилганда, қишлоққа ичимлик суви қувури тортилгани, хонадонга кираверишдаги иситиш тизимига уланмай қолиб кетганлиги аниқланди.

Жамият раҳбарияти томонидан ушбу муаммони тезда бартараф қилиш бўйича кўрсатма берилди ва эртасигаёқ сув тармоғи овқат пишириладиган хонага кўчирилди. Ундан ташқари, уч хонали уйнинг кираверишидаги хонага пол тўшаш зарурлиги маълум бўлгач, жамият тизимидаги корхоналар томонидан бу камчилик ҳам бартараф этилди. Онахоннинг уй-атрофларини тартибга келтириш бўйича ташкиллаштирилган ўзига хос ҳашар орқали кўпни кўрган, ҳаётнинг қанчадан-қанча қийинчиликларига бардош бериб келаётган Турдибика онанинг тилида айтилмаган бўлса ҳам, дилида қолган истаклари руёбга чиқди.

Ҳа, «Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ бундай хайрли ишларни келгусида ҳам амалга оширишни режа қилган ҳолда, қолган ҳудудлардаги  муаммоларни ҳам ўрганишда давом этмоқда.

 

            Қаллибек Нагметов,

«Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси»

 акциядорлик жамияти матбуот котиби.

  • 11.12.2019
  • 1617
Sayt xaritasi