ЧИРОҚЧИ ТУМАН ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ КОРХОНАСИДАГИ «ЗАГРУЗКА» ИШЛАМАЙ ҚОЛИШИГА ОЙДИНЛИК КИРИТИЛДИ
Кеча, 6 декабрь куни ижтимоий тармоқда «Йўқ электр учун тўлов қабул қиладиган тирик жон йўқ» номли видеолавҳа жойлаштирилди. Унда, хусусан, Чироқчи туманидаги Кўкдала жамоа хўжалигидаги айрим истеъмолчилар томонидан электр учун тўловни электр таъминоти корхонасида эмас, банк ëки Paynet шохобчасида амалга ошириш имкониятини қилиб беришни сўраб мурожаат қилинган.
Ушбу ҳолат юзасидан «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти қуйидагиларни маълум қилади.
Чироқчи туман электр таъминоти корхонасида «Qashqadaryotelekom» АЖнинг Чироқчи туман бўлимига қарашли телефон тармоғида техник носозлик юзага келган. Шундан сўнг, туман бўлими мутахассислари томонидан носозлик бартараф этилган. Таъмирлаш ишлари уч ярим соат давом этган.
Мазкур таъмирлаш ишлари якунлангандан сўнг, «СМАРТ» картали электр ҳисоблагичларнинг пластик картасига тўлов маблағларини юклаш ишлари кечанинг ўзидаёқ соат 14:45 дан бошлаб давом эттирилган.
Юзага келган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз.
Ҳурматли истеъмолчилар ! Айни вақтда электр энергияси таъминоти билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан ишга туширилган Call-марказининг 11-54 қисқа рақами ёки Telegram’даги “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ bilan muloqot” канали (@HET_admin) орқали ўз мурожаатларингизни йўллашингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз.