ALOQA UCHUN

ТЕЗКОРЛИКНИ ТАЛАБ ЭТГАН ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИ ҚАЙТА, МУКАММАЛ ҲОЛДА БАЖАРИЛМОҚДА

Хабарингиз бор, жорий йил январь ойи бошларида республикамиз бўйлаб ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб ҳаддан ташқари ортиб, жойлардаги мавжуд паст ва юқори кучланишли электр узатиш тармоқларида кўплаб аварияли узилиш ҳолатлари юзага келди.

Айни совуқ кунларда "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ олдида турган долзарб вазифа аҳоли истеъмолчиларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш масаласи ҳисобланиб, бунинг учун 24 соатлик навбатчилик фаолияти ташкил этилди ва жойларда вужудга келган носозликларни тезкор ва самарали ҳал этиш чоралари кўрилди.  

Хусусан, пойтахтимиз ҳудудларида электр энергияси барқарорлигига эришиш, аҳоли мурожаатлари асосида ишларни тезкор ташкил этиш мақсадида республикамиз ҳудудларидан қўшимча ишчи-ходимлар сафарбар қилинди.

Таъкидлаш жоизки, айни совуқ кунларда юклама ортиши натижасида ер остидан ўтган кабель тармоқлари, трансформатор пунктлари ҳамда электр узатиш ҳаво тармоқларида симлар эриб, трансформаторлар ёниб кетиши ҳолатлари тез-тез учраб, уларни тезкорлик билан бартараф этиш чоралари кўрилиши мақсадга мувофиқ эди. Бундай шароитда, табиийки, музлаган ерни кавлаш, ҳаво тармоқларини тортиш ишлари мураккаб жараён ҳисобланиб, одатдагидан кўра кўпроқ вақт талаб этади. Шундан келиб чиқиб, яъни аҳолига таъминотни тезкор тиклаш мақсадида баъзи жойларда бу борадаги ишлар вақтинчалик чора сифатида олиб борилди.

Ҳозирги кунга келиб, тезкорликни талаб этган ана шундай таъмирлаш ишлари қайта, мукаммал ҳолда бажарилиши бўйича тегишли чоралар кўрилаётганини қайд этиш жоиздир.   

"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Матбуот хизмати.

  • 31.01.2023
  • 1134
Sayt xaritasi