"ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖ ОГОҲЛАНТИРАДИ!
Кейинги пайтларда республикамизнинг турли ҳудудларида аҳоли хонадонларига кириб, «Биз электр тармоқлари корхонасиданмиз, хонадонингиздаги электр жиҳозларини текширгани келдик», дея алдов йўли билан электр ҳисоблагич ва бошқа электр жиҳозларини номига кўрикдан ўтказиб, ушбу хизматлари учун истеъмолчилардан мажбурий тўлов ундириб юрган шахслар мавжудлиги юзасидан кўплаб маълумотлар келиб тушмоқда.
Аслида бундай якка тадбиркорлик субъектлари ҳамда хусусий корхоналар вакиллари, яъни фаолиятига “электр жиҳозларига хизмат кўрсатилади” деган ёзув қўшилган бўлсада, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва унинг таркибий корхоналарига бирор алоқаси йўқ ва ҳеч қандай шартномага эга эмаслигини таъкидлаб ўтмоқчимиз.
Бундан ташқари, электр энергияси истеъмолчиларига шуни эслатиб ўтардикки, кучланиш остида бўлган ҳар қандай электр жиҳозлари тегишли малакага эга бўлган мутахассис томонидан кўрикдан ўтказилиши, керак бўлса, таъмирланиши мақсадга мувофиқдир.
Таассуфки, кейинги пайтларда яна бир нохуш ҳолат аниқланмоқда. Яъни, айрим нопок шахслар томонидан электр таъминоти корхонаси биноси атрофида истеъмолчилардан электр энергиясидан қарздорликни камайтириб бериш каби ёлғон ваъдалар эвазига фирибгарлик йўли билан пул ундирилиши. "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ, ўз навбатида, бундай фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик учун электр энергиясидан мавжуд муаммо ва ҳар қандай тушунмовчиликларни туман (шаҳар) электр таъминоти корхоналари ходимлари орқали ҳал этишни сўраб қолади.
Хабарингиз борки, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти таркибида электр тармоқларини эксплуатация, шунингдек, реконструкция, капитал ва жорий таъмирлаш ишларини амалга оширувчи 14 та ҳудудий (ҳар бир туман ва шаҳарларда мавжуд) электр тармоқлари корхоналари фаолият олиб бормоқда. Алоҳида таъкидлаш жоизки, Жамият ходимлари ўз хизмат гувоҳномалари ва тегишли хизмат кийимларига эгадир.
“Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ барча электр энергия истеъмолчиларига хонадонгизга ташриф буюриб, ўзини электр энергияси корхонаси ходими деб таништирган ёки бошқа шубҳали шахсларга дуч келганда, хизмат гувоҳномасини талаб қилган ҳолда улар билан муомилага киришиш кераклигини эслатиб ўтади.
Юқоридаги каби ҳолатлар аниқланган тақдирда, “Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг 1154 қисқа рақами ёки “Hududiy elektr tarmoqlari bilan muloqot” телеграм-каналига мурожаат қилишни сўраб қоламиз.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.