ALOQA UCHUN

СУРИШТИРУВСИЗ “МАХСУС СУРИШТИРУВ” ЁКИ ROST24.UZ АХБОРОТ САЙТИНИНГ НОХОЛИС АХБОРОТ ТАРҚАТИШИДАН МАҚСАД НИМА?

СУРИШТИРУВСИЗ “МАХСУС СУРИШТИРУВ” ЁКИ ROST24.UZ АХБОРОТ САЙТИНИНГ НОХОЛИС АХБОРОТ ТАРҚАТИШИДАН МАҚСАД НИМА?

Кеча rost24.uz ахборот сайтида “МАХСУС СУРИШТИРУВ: Электр энергия тизимида қанча ўлим ҳолати содир бўлганини биласизми?” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда республика бўйлаб деярли ҳар ойда бахтсиз ҳодисалар кузатилаётганлиги ва бу ҳолатга Жамият раҳбарияти томонидан етарлича эътибор қаратилмаётганлиги ҳақида сўз боради.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, ўз навбатида, мазкур мақолада келтирилган иддаолар бирон асосланган маълумотларга таянган ҳолда жамоатчиликка ҳавола қилинмаган деб ҳисоблайди.

Аввало, мазкур мақоланинг “махсус суриштирув” рукни остида эълон қилиниши тўғрисида тўхталсак. Айтиш ўринлики, rost24.uz ахборот сайти томонидан Жамият номига журналистик суриштирув ўтказиш мақсадида ёки мавзуга оид маълумот тақдим этиш юзасидан шу пайтгача расмий мурожаат келиб тушмаган. Таҳририят қайси маълумотлар асосида мақола тайёрлагани, ва энг муҳими, нима мақсадни кўзлаб ёзгани биз учун қоронғу. Бироқ, журналист бирон оғриқли мавзуни оммага олиб чиқишдан аввал уни ҳар томонлама ўрганиши, келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиши, унга холислик мезонлари асосида ёндашиши зарур деб ҳисоблаймиз.

Маълумки, ҳар қандай соҳада учраши мумкин бўлгани каби, Жамиятимиз таркибий корхоналарида фаолият юритаётган ходимлар ўртасида ҳам бахтсиз ҳодисалар қайд этилмоқда, ва биз учун бу жуда ачинарли ҳол, албатта. Биламизки, энг хавфли касблар рейтингида электр энергияси билан боғлиқ меҳнат фаолияти юқори поғоналардан бирини эгаллайди. Бундай нохуш ҳодисалар бутун дунёда соҳа ходимлари орасида кўплаб кузатилади. Шундан англашиладики, энергетика соҳасида фаолият юритаётган, айниқса, кучланиш остида ишлайдиган ҳар бир ходим хавфсизлик қоидаларига сўзсиз амал қилиши жуда муҳим масала.

Таъкидлаш жоизки, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан шундай бахтсиз ҳодисалар содир бўлган ҳолатлар ҳар томонлама синчковлик билан текширилади, унинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилиб, чуқур таҳлил қилинади ва келгусида уларнинг олдини олиш юзасидан тегишли чоралар кўрилади.

Хусусан,  2021 йил давомида  “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг  Мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси  хизмати ходимлари иштирокида  14 та таркибий корхоналарда фаолият юритаётган эксплуатация ходимлари иштирокида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, содир бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш, шунингдек, таянчларда бажариладиган ишлар, электр тармоқларини монтаж-демонтаж қилиш, кучланиш остида бўлган тармоқларда ишлаш, иш жойини кенгайтирмаслик, ўзбошимчалик билан, наряд ёки фармойишсиз иш бажармаслик мавзуларида жами 52 та семинар машғулотлари ва суҳбатлар ташкил этилди. Бундан ташқари, таркибий корхоналардаги  Мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси  хизмати мутахассислари томонидан 462 дан ортиқ ўқув-семинарлари ва амалий машғулотлар ўтказилди.

Шунингдек, чора-тадбирлар асосида белгиланган режага кўра, жойларда ёш ходимлар ўртасида “Хавфсизлик техникаси”, “Техник эксплуатация қилиш” ва “Ёнғин хавфсизлиги” қоидалари бўйича “Энг яхши билимдон” кўрик-танлови, “Тақсимлаш тармоқлари эксплуатация ходимларининг касб маҳорати” бўйича Республика миқиёсидаги мусобақалари ўтказилгани Жамият томонидан бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганидан дарак бермоқда.

Мавзу доирасида яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратсак. Содир бўлган ҳар бир бахтсиз ҳодиса “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан эмас, балки махсус ваколатли органлар, яъни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ўрганиб чиқилиши ва унга ҳуқуқий баҳо берилиши тизимдаги манфаатлар тўқнашувини истисно қилади. Ва таъкидлаш жоизки, махсус комиссия томонидан ҳозирги кунгача иш берувчининг айби билан бахтсиз ҳодисалар келиб чиқиш ҳолатлари аниқланмаган.

Бундан ташқари, мақолада бахтсиз ҳодисага учраган ёки ҳалок бўлган электромонтёрлар учун суғурта компаниялари томонидан маълум миқдордаги маблағ тўланиши кераклиги ҳақида сўз боради. Ҳеч шубҳасиз, ҳар қандай фаолиятда инсон ҳаёти ва хавфсизлиги биринчи ўринда туради. Жамиятимиз томонидан бу борадаги ишлар муҳим ҳисобланиб, таркибий корхоналар фаолиятига шундай амалиёт киритилганки, унга асосан иш берувчи ва ходим ўртасида тузиладиган шартномада кучланиш остида ишлайдиган ходимлар иш фаолиятидаги бахтсиз ҳодисалар учун суғурталаниши ва бундай ҳолатлар қайд этилган тақдирда суғурта агентлиги томонидан ўрнатилган тартибда суғурта пуллари тўлаб берилиши белгиланган. Бунинг учун “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан ички имкониятлар ҳисобидан суғурта пуллари йўналтирилишини айтиб ўтиш лозим.

Фикримиз сўнггида rost.uz таҳририятига “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мавзуга оид ҳар томонлама асосланган маълумотларни тақдим этишга тайёр эканлигини, тизим фаолиятини ёритишда барча томонлар фикрини ўрганиб, холис баҳо бериш орқали жамоатчилик фикрини шакллантириш журналистиканинг олтин қоидаларидан бири эканлигини эслатиб ўтган бўлардик.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Матбуот хизмати.

  • 27.01.2022
  • 1873
Sayt xaritasi