ALOQA UCHUN

«ЭНГ ЯХШИ БИЛИМДОН» КЎРИК-ТАНЛОВИ ЯКУНЛАНДИ

«ЭНГ ЯХШИ БИЛИМДОН» КЎРИК-ТАНЛОВИ ЯКУНЛАНДИ

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг 2021 йил 20 августдаги «Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш тўғрисида»ги 143-сонли буйруғи талабларини бажариш ва келгусида корхонада бахтсиз ҳодисалар ва жароҳатланишлар бўлмаслигини олдини олиш мақсадида, «Қорақалпоқ ҲЭТК» АЖ тизимига кирувчи барча шаҳар ва туман ЭТКларнинг ёш электр техник ходимлари ўртасида «Энг яхши билимдон» номинацияси бўйича кўрик-танлови ўтказилди.

Тадбирнинг аҳамияти ҳисобга олинган ҳолда кўрик-танловни ўтказиш бўйича ташкилий комиссия тузилиб, барча тегишли корхона ва хизматлар раҳбарларига  вазифалар юклатилди.

Танловда туман (шаҳар) ЭТКларида эксплуатация бўйича фаолият олиб бораётган (30 ёшгача бўлган) барча ходимлар иштирок  этиб, танлов 2 босқичда ўтказилди. Дастлаб ёш мутахассисларнинг билим савиясини янада ошириш мақсадида ўқув машғулотлари ташкиллаштирилди ва ундан сўнг ўқитилган мавзулар бўйича танловнинг биринчи босқичи ҳудудлар кесимида бўлиб ўтди. Иккинчи босқичда эса энг яхши натижаларга эришганлар орасидан мутахассислар томонидан  «Қорақалпоқ ҲЭТК» АЖ тизимидаги энг яхши билимдон аниқланди.

Савол-жавоблар ва амалий машғулотларни ўз ичига олган кўрик-танлов ҳар бир иштирокчидан ўз соҳаси бўйича чуқур билим ва амалий кўникмаларга эга бўлишни талаб этди. 

Энг малакали раҳбар ва етакчи мутахассислардан ташкил топган ҳайъат аъзоларига 91 нафар итштирокчи қатнашган мусобақалар ғолиб ва совриндорларини аниқлаш осон бўлмади. Танловнинг учинчи босқичида Тахтакўпир, Элликқалъа, Қўнғирот ва Тахиатош туман ЭТК ларидан 16 нафар иштирокчи қатнашдилар.
 
Танлов иштирокчилари учун жами 80 та савол билетларга киритилган ҳолда ва 50 та тест саволлари берилиб, амалий билим синовларида «10 кВ таянчда кучланиш остига тушган жабрланувчини таянчдан тушириб олиш ва унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш» топшириғи берилди. Танлов якуни бўйича берилган жавобларнинг тўғрилигига ва амалий машғулотларнинг сифатига қараб ташкилий қўмита Тахиатош туман ЭТК жамоасини биринчи ўринга сазовор деб топишга қарор қилди. Иккинчи ва учинчи ўринларга Қўнғирот ва Элликқалъа тумани ёш мутахассислари муносиб бўлдилар.

Кўрик-танлов 1- ва 2-босқич ғолиб ва совриндорлари пул мукофотлари  ва «Қорақалпоқ ҲЭТК» АЖ фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.

«Қорақалпоқ ҲЭТК» АЖ матбуот хизмати.

  • 04.10.2021
  • 914
Sayt xaritasi