ОТБ ВИЦЕ-ПРЕЗИДЕНТИ ШИКСИН ЧЕН: БУ ЕРГА КЕЛГАНИМДАН КАТТА ТААССУРОТ ВА ҲАЯЖОНДАМАН
Бугун Осиё тараққиёт банки Вице-президенти Шиксин Чен бошчилигидаги делегация аъзолари Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш Маркази”да бўлиб, бу ерда ташкил этилган замонавий иш жараёнларини яқиндан кузатдилар.
Таъкидлаш жоизки, Марказда дунёнинг етакчи давлатларида ишлаб чиқарилган сервер қурилмалари ўрнатилган бўлиб, улардаги дастурий таъминот орқали қарийб 20,0 млн. истеъмолчига хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, Марказ имкониятлари ёрдамида бир вақтнинг ўзида қарздор истеъмолчиларни тўлиқ автоматик равишда ўчириш ва сарф қилинган электр энергияси учун тўлов амалга оширилгандан сўнг қайта ёқиш каби вазифаларни марказлашган тарзда бошқариш мумкин.
Нуфузли меҳмонлар Марказ имкониятларига бағишланган тақдимот билан танишиб, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда республикада рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга Ўзбекистон ҳукумати томонидан катта аҳамият қаратилаётганига алоҳида тўхталиб ўтдилар.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан ишга туширилган Марказнинг бугунги фаолияти менда катта таассурот қолдирди. Дарҳақиқат, бундай тизимнинг йўлга қўйилиши энергетика соҳаси, хусусан, электр энергетика тизимини ривожлантириш бўйича мамлакатингизда ижобий ислоҳотлар олиб борилаётганидан далолат бермоқда. Бундан икки йил аввалги ташрифимда АСКУЭ тизимини жорий этиш бўйича ишлар Самарқанд ва Бухоро вилоятларида йўлга қўйилаётганди. Мана, орадан қисқа вақт ўтиб, бу борадаги ишлар бутун республикани қамраб олгани ва тизим тўлиқ ишга туширилгани мени хайратлантирди, – деди Осиё тараққиёт банки Вице-президенти Шиксин ЧЕН. – Биламизки, ҳар қандай давлатнинг иқтисодий салоҳити бевосита энергетика соҳаси ривожланиши билан боғлиқдир. Шу маънода, мамлакатингизда бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинаётгани, қолаверса муқобил энергетикани янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани мени жуда хурсанд қилмоқда. Ва биз Ўзбекистон ҳукумати билан бошқа соҳалар қатори энергетика йўналишида олиб бораётган ҳамкорлигимиздан жуда мамнун ва хурсандмиз.
Маълумот ўрнида: “КТ Corporation” компанияси ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ўртасида 2019 йил январь ойида электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш Маркази ташкил этиш бўйича қўшимча келишув битими имзоланган. Келишув доирасида молиявий ҳамкор – ОТБ вакиллари иштирокида марказ биносининг ички қисмини тўлиқ реконструкция қилиш ва сервер қурилмаларини ўрнатиш орқали объектни ҳудудлардаги электр энергияси ҳисоблагичлари маълумотларини қайта ишлаш республика ягона марказига интеграция қилиш ишлари бошланган эди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.