ҚЎШКЎПИР ТУМАНИ АҲОЛИСИНИНГ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ЯНАДА ЯХШИЛАНДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5048 сонли қарорига асосан, “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан вилоятнинг барча туманларида электр тармоқларида модернизация ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Қўшкўпир туманида 2 та маҳаллада Дастур асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Тармоқлардаги йўқотишларни олдини олиш мақсадида 18,1 км узунликдаги замонавий СИП кабели ва ҳаво тармоқлари тортилди. 4 та 160,250 кВАли янги турдаги трансформатор пунктлари қурилди.
Бундан ташқари эскирган ёғоч устунлар ўрнига янги темир-бетон таянчлар ўрнатилгани қатор қулайликлар яратди. Масалан, хонадонларнинг ташқи қисмидан тортилган электр тармоқлари эндиликда машиналар ҳаракатланиши учун халақит бермайдиган бўлди.
“Кўхназей”, “Уйғур” маҳаллаларида амалга оширилган бу каби кенг кўламли қурилиш ишларидан маҳаллий аҳолининг хурсандчилиги чексиз.
Олдин маҳалламиз жуда ёмон аҳволда эди. Электр, сув, йўл муаммолари йиллар давомида одамларни қийнаб келган. Мана, бу йил дастур асосида маҳалламиз обод бўлди. Бундан мамнунмиз, – дейди Бикажон она. Кўчаларга кирар экансиз, беихтиёр дилингиз яйрайди. Маҳаллани бундай обод қилган барча ташкилотлар ходимларига беихтиёр, “Баракалла, азаматлар” дейсиз.
"Хоразм ҲЭТК" АЖ матбуот хизмати.