ALOQA UCHUN

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан электр тармоқлари корхоналарини инновацион ривожлантириш хусусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан электр тармоқлари корхоналарини инновацион ривожлантириш хусусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

 

Бугун “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази”да “Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларини рақамлаштириш шароитида электр тармоқлари корхоналарини инновацион ривожлантириш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

           

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Грузия, Корея, Россия ва Германия давлатларининг соҳа экспертлари, энергетика компаниялари вакиллари ҳамда олимлар, илмий ва амалий ходимлар, ёш олимлар, докторантлар ва бакалаврият даражасида таҳсил олаётган ҳамда илмий изланишда бўлган талабалар иштирок этди.

Конференциядан кўзланган асосий мақсад электр энергетика соҳасини инновацион ривожлантириш ҳамда рақамлаштириш шароитида халқаро илмий ишланмалар, ғоя ва фикрлар алмашиш, шунингдек, электр узатиш тармоқлари ҳамда энергия самарадорлигини оширишда дунё инновацион технологияларни жорий этишнинг таҳлилини олиб боришдан иборатдир.

Маълумки мамлакатимизда энергетика соҳасини рақамлаштириш, хусусан соҳага инновацион технологияларни жорий этишда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 3981-сонли қарори асосида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан бугунги кунда республика электр энергияси истеъмолчиларига АСКУЭ тизимига мос келувчи ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари амалга оширилди.

Айтиш керакки, АСКУЭ тизимини жорий этишдан асосий мақсад истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги шаффофликни таъминлаш, етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш, шу билан бирга, истеъмолчиларнинг фойдаланган электр энергияси учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш, электр энергиясини тақсимлашда ҳар бир истеъмолчи ва трансформатор пункти кесимида керакли маълумотларни олиш ва таҳлил қилиб бориш, шу билан бирга, ушбу олинган маълумотлар асосида тармоқларда модернизация ишларини аниқ  амалга ошириб бориш ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, тизим тўлиқ жорий этилиши натижасида электр энергияси таъминотида сезиларли ўзгаришлар бўлади. Аввало, тизимдаги тиғиз соатларда юкламани бошқариш имконияти яратилиб, истеъмолчиларга электр энергиясини олдиндан тўлов асосида етказиб бериш орқали қарздорлик ҳосил бўлишининг олди олинади. Айланма маблағлар танқислиги сабаб модернизация ва реконструкция қилинмаётган тармоқларга кўпроқ маблағ ажратиш ҳисобига электр энергиясини узатишдаги узилишлар сони сезиларли даражада қисқаришига эришилади. Асосийси, дастур орқали қайси тармоқ ёки ҳудудларда меъёрдан ортиқ йўқотишлар бўлаётганини аниқлаш орқали электр энергиясини узатишда тижорат йўқотишларга имкон қадар тўсиқ қўйилади.

Бугунги кунда энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, ноанъанавий ва қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки қайта тикланувчи энергия манбаларидан унумли фойдаланиш ер ости бойликлари захираларини тежаш баробарида экологияга чиқарилаётган зарарли газларнинг миқдорини камайтириш имконини беради.

Шу боис сўнгги йилларда республикамизнинг саноат тармоқларига “яшил иқтисодиёт” тизимини жорий қилиш, ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, инновацион тараққиётни жадаллаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Бугунги ўтказилаётган республика конференцияси энергетика соҳасида тармоқ корхона билан ўтказилаётган биринчи конференция ҳисобланиб, ишлаб чиқариш корхонаси ва олий таълим ўртасидаги ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси бўлиб ҳисобланади. Зеро, Президентимиз Муҳтарам Шавкат Мирзиёев ўзларининг нутқларида кўп бор олий таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқалар ривожланмас экан, кадрлар тайёрлаш масаласида олдимизга қўйилган мақсадларнинг амалга ошиши имконсиз эканлигини таъкидлаб келадилар.

Анжуман якунида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасида Паст кучланишли электр тармоқларидаги техник йўқотишларни камайтиришга қаратилган пилот лойиҳасини амалга ошириш ҳамда ҳудудий электр тармоқлари тизимида инновацион экотизимни шакллантириш бўйича Ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва Тошкент давлат техника университети ўртасидаги ҳамкорлик Меморандуми” ҳамда “2021-2025 йилларда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида “Электр таъминоти” соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” имзоланди.

Конференция давомида мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам фикрлар алмашилди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати

  • 08.09.2021
  • 625