«ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ» АЖДА ЮКСАК ЭЪТИБОР ВА ЭЪТИРОФГА САЗОВОР БЎЛГАН ХОДИМЛАР ТАҚДИРЛАНДИ
Бугун, 30 август куни «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мажлислар залида Президентимизнинг фармонига мувофиқ Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами арафасида давлатимизнинг юксак орден ва медаллари, шунингдек, мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, давлатимиз иқтисодиёти ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда ибрат ва намуна бўлиб келаётган, хусусан, электр энергетикаси тизимини янада юксалтиришда алоҳида фидойилик кўрсатаётган Жамият ходимларини «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Бошқарув раиси Улуғбек Мустафоев тантанали тадбирни кириш сўзи билан очар экан, ўттиз йиллик меҳнатимиз, саъй-ҳаракатларимиз, интилишларимиз, мақсадларимиз сари ишончли одимларимиз, энг асосийси, энергетика соҳасида жадал олиб борилаётган ислоҳотлар, пировардида аҳоли фаровонлигини ошириш, халқимизга муносиб турмуш шароитлари яратишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Байрам олдидан, Сизларнинг истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлашдаги ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, Давлат дастурларида белгиланган вазифаларни фидойилик билан адо этишдаги хизматларингиз алоҳида эътироф этилгани давлатимиз раҳбари томонидан Жамиятимизнинг барча ходимларига берилган юксак мукофот деб биламан, – деди У. Мустафоев. – Истиқлол йилларида эришган ютуқларимизга таяниб, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари дадил қадам қўйдик. Шундай экан, мамлакатимиз тараққиётини янада юксак босқичларга кўтаришда собитлик билан йўлимизни давом эттирамиз.
Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан 500 нафарга яқин Жамият ишчи-ходимлари давлатимизнинг юксак орден ва медаллари, эсдалик нишонлари ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланганларини эътироф этиб ўтиш жоиздир.
Тадбирда «Дўстлик» ордени соҳиби “Тошкент ҲЭТК” АЖ бош директори Нилуфар Ботировага Жамият бошқарув раиси томонидан ушбу юксак мукофот тантанали равишда топширилди.
Шундан сўнг, қолган мукофотлар ҳам ўз эгаларига топширилди.
Хусусан, сарҳисоб йилида республикамиз аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларини ишончли электр энергияси билан таъминлаш, қолаверса энергетикадаги интеграция жараёнларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшгани учун бир гуруҳ Жамият ходимлари Мустақил давлатлар ҳамкорлиги Электр энергетика кенгашининг “Мустақил давлатлар ҳамдўстлигида хизмат кўрсатган энергетик” фахрий унвони ва ёрлиқлари билан тақдирланганлари бугунги тадбирда яна бир бор тилга олиниб, келгуси ишларида каттадан-катта ютуқларга эришишларига тилак билдирилди.
Биламизки, байрам олдидан электр энергетикаси тизими ривожига катта ҳисса қўшаётган, фидойилиги билан барчага намуна бўлаётган соҳа ходимларига фахрий ёрлиқлар топширилиши яхши анъанага айланган. Барчага хуш кайфият улашган байрам тадбирида, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ фаолиятига фидокорона меҳнати билан ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган қатор ходимлар ана шундай ёрлиқлар билан тақдирландилар.
Тадбир доирасида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрами арафасида электр таъминоти корхоналари ўртасида “Шу азиз Ватанга фидодир жоним” шиори остида ўтказилган “Энг яхши электр таъминоти корхонаси” кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Хусусан, “Истеъмолчиларга хизмат кўрсатишда юқори сифат кўрсаткичига эришган ва ишчи-ходимларга қулай меҳнат шароитлари яратилган энг намунали электр таъминоти корхонаси” номинациясида “Андижон ҲЭТК” АЖ таркибидаги Андижон туман ҳамда “Бухоро ҲЭТК” АЖ таркибидаги Бухоро шаҳар ЭТКлар ғолиб деб топилди.
“Энг намунали электр таъминоти корхонаси биноси” номинациясида “Хоразм ҲЭТК” АЖ таркибидаги Боғот тумани ва “Фарғона ҲЭТК” АЖ таркибидаги Данғара ЭТКлар пешқадам бўлишди.
“Ривожланиш сари дадил одимлаётган электр таъминоти корхонаси” номинацияси бўйича “Наманган ҲЭТК” АЖ таркибидаги “Марказ” ва “Қорақалпоқ ҲЭТК” АЖ таркибидаги Мўйноқ туман ЭТКлар ғолиб сифатида эътироф этилди.
Совриндорларга тегишли пул мукофотлари қайд этилган сертификатлар ва фахрий ёрлиқлари топширилди.
Тадбир сўнгида Улуғбек Мустафоев йиғилганларни энг улуғ, энг қутлуғ байрам билан яна бир бор табриклаб, жонажон Ўзбекистонимизда, барча шаҳар ва қишлоқларимизда соҳа ходимлари каби фидойи кишилар сафи кенгайиб, олижаноб меҳнатлари самарасидан аввало ўзлари ва оиласи, эл-юртимиз баҳраманд бўлишини тилаб қолди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.