ТОШКЕНТ ЕР УСТИ МЕТРОСИНИНГ СЕРГЕЛИ ЙЎНАЛИШИДА ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА
Барчамизга маълумки, ўтган 2020 йилнинг 26 декабрь куни Сергели тумани аҳолисига қулайлик яратувчи икки инфратузилма объекти - ер усти метроси ва йўл ўтказгич фойдаланишга топширилди.Тошкент метрополитенининг Сергели йўналишини барпо этиш бўйича ишлар 2017 йилда бошланган бўлиб, мазкур йўналиш 5 та бекатдан иборат. Умумий узунлиги 6,2 км бўлган мазкур ер усти метроси орқали йўловчилар "Буюк ипак йўли" бекатидан тўғридан-тўғри Сергелига бора оладилар. Ушбу йўналиш бир кунда қарийб 35 минг йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжаллангандир.
Ушбу ер усти метроси қурилиши жараёнида бошқа соҳа ходимлари қатори, пойтахт энергетиклари ҳам туну кун меҳнат қилиб жонбозлик кўрсатдилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги «Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидалари тўғрисида»ги 1050-сонли қарори ҳамда электр хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда, «Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi» AJ ҳамда унинг тасарруфидаги туман электр таъминоти корхонаси ишчи-ходимлари томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Айни кунларда, Сергели туманининг Халқа йўлидаги Қўйлиқ-1 мавзесида янги барпо этилган ер усти метроси атрофида муҳофаза зонасига тушган «Тепличный» подстанциясидан чиқувчи фидр Титан-1, Титан-2 узатмасидан таъминланувчи қуввати 10 кВ бўлган юқори кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларини бошқа жойга кўчириш (демонтаж) ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, соҳа ходимлари томонидан эртаю кеч Тошкент ер усти метросининг Сергели йўналиши бўйича 24 кмдан ортиқ ер ости кабель тармоқлари янгисига алмаштирилиб фойдаланишга шай ҳолатга келтирилди.
Эслатиб ўтамиз, «Тепличный» подстанциясидан чиқувчи фидр Титан-1, Титан-2 узатмасидан таъминланувчи қуввати 10 кВ бўлган ТП-3929-сонли трансформатор подстанцияси орқали ҳуддуддаги «Қўшқўрғон» ҳамда «Асробод» МФЙларидаги аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари электр энергияси билан таъминланади.
«Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi» AJ ҳамда унинг тасарруфидаги барча туман электр таъминоти корхоналарида аҳоли турмуш тарзини янада яхшилашга қаратилган бу каби саъй-ҳаракатлар тизимли, белгиланган режаларга мувофиқ бажарилмоқда.
«Toshkent shahar ЕТК» AJ матбуот хизмати.