САМАРҚАНДДА АҲОЛИГА ЕТКАЗИЛАЁТГАН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ СИФАТИ ЯХШИЛАНМОҚДА
Пайариқ тумани.
Туманнинг “Бахрин” ва “Тараққиёт” маҳаллалари аҳолиси энергетиклардан жуда мамнун. Сабаби, жорий йил ҳудуднинг электр тармоқлари янгиланиб, аҳолига етказиб берилаётган электр энергияси сифати янада яхшиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган ишлар натижасида “Бахрин” маҳалласига қўшимча сифатида 160 кВ қувватли трансформатор ўрнатилди. Хизмат вазифасини ўтаб бўлган 63 та эски симёғочлар темир-бетон таянчларга алмаштирилиб, янги электр узатиш тармоғи тортилди. “Тараққиёт” маҳалласида ҳам 58 та янги темир-бетон таянч ва 160 кВ қувватли қўшимча трансформатор ўрнатилди. Дастур бўйича бу маҳаллаларга яна 54 та янги таянч ўрнатилиши режалаштирилган.
Айтиш жоизки, тармоқдаги модернизация ишлари натижасида ҳар икки маҳалланинг электр таъминоти яхшиланиб, аҳолининг фаровонлиги ортди.
Самарқанд тумани.
“Қўштамғали” маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида”ги қарори асосида 14 та темир-бетон таянч устуни ўрнатилди.
Шунингдек, аҳолига етказиб берилаётган электр энергияси сифатини яхшилаш мақсадида 1361 рақамли трансформатор пунктига қўшимча сифатида 160 кВ кучланишли электр ускуна ўрнатилди ҳамда 400 метр ҳаво электр узатиш тармоғи тортилди.
Маҳаллада яна 800 метр паст кучланишли ҳаво электр узатиш тармоғини янгилаш режалаштирилган.
Пастдарғом тумани.
“Болдир” маҳалласида электр тармоқлари модернизация қилиниши борасидаги ишлар анча олдин бошланганди-ю охирига етказилмаган эди. Жорий йил туман электр таъминоти корхонаси раҳбари жараённи ўз назоратига олиб, аҳолининг сифатли электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш чораларини кўрди.
Белгиланган чора-тадбирлар асосида бугунгача маҳаллага 34 та темир-бетон таянчлар ўрнатилиб, уларга ҳаво электр узатиш тармоқларини демонтаж қилиш ишлари ҳам деярли якунланди. Электр энергияси сифатини яхшилаш мақсадида 2828 рақамли трансформатор пунктига қўшимча 100/10 кВА кучланишли электр ускуна ўрнатилди.
Ҳудудда электр тармоғини модернизация қилиш ишлари давом этмоқда.
“Самарқанд ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.