ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ УЧУН ТЎЛОВЛАРНИ ЯГОНА РАҚАМ ОРҚАЛИ ТЎЛАШ ИМКОНИЯТИ ЯРАТИЛМОҚДА
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 24 июль куни “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоланди.
Унга кўра, 2021 йил 1 декабрга қадар коммунал тармоқлардаги барча рақамлар (газ, электр, иссиқ сув, ичимлик суви, канализация, чиқинди) жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига ва юридик шахсларнинг солиқ тўловчининг идентификация рақамига боғланиши таъминланади ҳамда бу орқали ҳар бир шахсга “ягона мижоз” тамойили асосида уникал рақамдан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилади.
Давлат персоналлаштириш маркази, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Энергетика, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Кадастр агентлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар зиммасига ушбу вазифа ижроси юклатилган.