ТАДБИРКОРГА МАДАДКОРМИЗ
Мамлакатимизда кейинги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Натижада тадбиркорлар сафи кенгайиб, юртимиз иқтисодий тараққиётида уларнинг ўрни ва роли тобора ортмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 13 октябрдаги «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштиришга муҳим аҳамият касб этаётир.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг “Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси”га келиб тушган мурожаатларга ечим топиш ҳамда тезкор чораларини кўриш мақсадида “Андижон ҲЭТК” АЖ бош директори бошчилигида масъул ходимлар билан биргаликда ҳудудларга чиқилди.
Хусусан, Андижон тумани “Найман” МФЙ да яшовчи тадбиркор А. Қодиров хонадонида “Ёғочни қайта ишлаш” цехи очганлиги лекин электр тармоғига уланишда муаммолар бўлаётганлигини билдирган. Ушбу ҳолатни ўрганиб, тадбиркорни муаммоси ўрнида ҳал этилиб, электр тармоғига улаб берилди.
Куннинг иккинчи ярмида Булоқбоши туманидаги “Никита люкс” МЧЖ раҳбари И. Абдураимов йўллаган мурожаат бўйича бориб ўрганилганда аниқландики, савдо биносининг олди қисмини очиш учун ҳалақит бераётган ҳаво тармоғини бошқа жойга кўчириш зарурати бор эка. Ушбу масала ҳам ўрнида ҳал этилиб, 10 кВ ли 7 дона темир-бетон таянч бошқа жойга кўчириб бериладиган бўлди.
Яна бир неча мурожаатлар эътиборимизни тортди. Ёш тадбиркор Андижон тумани “Маориф” МФЙ ҳудудида Интенсив боғни томчилатиб суғориш мақсадида истеъмолчи тасарруфидаги трансформатордан розилик хатига асосан насос станциясини электр таъминоти билан таъминлаш юзасидан мурожаат қилган. Муаммони синчиклаб ўрганиб, керакли чоралар кўрилиши тўғрисида тушунчалар берилди.
Ҳар бир мурожаат эътиборимизда. Муҳими тадбиркорнинг юзидаги қувонч ва мамнунлик ҳиссидир.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган юқоридаги каби ишлар, энг аввало, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қолаверса аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳар бир фуқаро ўзининг даромад манбаига эга бўлиши, ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш, пировардида халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
"Андижон ҲЭТК" АЖ матбуот хизмати.