“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖДАН ЯНА БИР ҚУЛАЙЛИК
Кейинги йилларда мавжуд эҳтиёж туфайли кўплаб янги замонавий уй-жойлар ҳамда ижтимоий соҳа объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Ўзига хос услубда шаҳару қишлоқларнинг файзига кўрк бераётган бундай бинолар халқимиз турмуш тарзининг яхшиланиши ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг кенгайишига сабаб бўлмоқда.
Ана шундай янги уй-жойлар ва тадбиркорлар учун яратилган биноларга эгалик қилишда, биринчи навбатда, коммунал хизматлар, хусусан электр энергиясига уланиш муаммоси юзага келади. Баъзида ташқаридан “электрик” ёллайсизу, унинг хизмати сизни қониқтирмаслиги мумкин. Кейинчалик бирон муаммо чиқса, уни тополмайсиз ҳам. Кафолат ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5278-сонли қарори ҳамда 2020 йил 31 январдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5930-сонли фармонига асосан, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан истеъмолчиларни электр тармоқларига сифатли ва тезкор улаш ҳамда мукаммал шартномавий хизматлар кўрсатиш мақсадида “Давлат ва шартномавий хизматларни ривожлантириш” филиали ташкил этилди.
Филиал томонидан мурожаатчиларга қуйидаги хизматлар кўрсатилади:
· истеъмолчиларни электр тармоқларига улашда техник шартлар ишлаб чиқиш ва тақдим этиш;
· республика ҳудудидаги барча турдаги мурожаатчиларни “фойдаланишга тайёр ҳолда” электр тармоқларига улаш;
· электр қурилмаларини барча кучланишдаги электр тармоқларига улашда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
· электр тармоқларига уланишда барча кучланишдаги электр таъминоти лойиҳаларини келишиш;
· электр қурилмаларига техник хизмат кўрсатиш;
· қонунчиликда белгиланган тартибда қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш;
· электр қурилмаларига лаборатория ва синов-созлаш хизматларини кўрсатиш;
· янги уланаётган истеъмолчиларни “Электроҳисоб” комплекс дастурига киритиш ва бошқа хизматлар.
Эндиликда сиз ўз маблағингизни ҳамда вақтингизни тежаган ҳолда, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (my.gov.uz) филиалга мурожаат қилишингиз ҳамда малакали мутахассисларимиз томонидан электр тармоқларига улашда тайёрланган лойиҳа ҳужжатларига асосан электр тармоқларини қуриш ва монтаж ишларини сифатли бажаришингиз мумкин.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.