ALOQA UCHUN

УЛУҒБЕК МУСТАФОЕВ: ҲАР БИРИНГИЗНИНГ ҲАЁТИНГИЗ МЕН УЧУН ҚАДРЛИ!

УЛУҒБЕК МУСТАФОЕВ: ҲАР БИРИНГИЗНИНГ ҲАЁТИНГИЗ МЕН УЧУН ҚАДРЛИ!

Маълумки, бугун Ер юзи аҳолисини жиддий ташвишга солаётган хавф – коронавирус пандемияси туфайли кутилмаганда ҳаёт тарзимиз ва одатларимиз ўзгариб, янги талаб ва шартлар асосида яшашга ўрганишга тўғри келди. Ҳозирда ҳар бир ҳаракат ва ишимизда эпидемилогик талабларга сўзсиз амал қилиш зарурлигини яхши англамоқдамиз. Халқимизда ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ, деган нақл бор. Шундай экан, биз албатта бу офатни енгиб ўтамиз. Фақат  барчамиз бу йўлда янада жипслашиб, ҳар томонлама тартиб-интизомга риоя қилишга одатланишимиз керак.

Биламизки, ўтган 2020 йилда кучли карантин чекловларига қарамасдан, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ жамоаси белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда чинаккам фидойилик намунасини кўрсатишди. Шундай мураккаб вазиятда халқимиз ва саноат корхоналари учун барқарор электр энергияси етказиб бериш, карантин зоналари ва шифохоналарда бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги йўлида бор куч ва салоҳиятларини аямадилар.

Бугун 25 000 дан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилаётган барча таркибий корхоналаримизда ходимларнинг саломатлигини асраш, санитария нормаларига қатъий риоя этган ҳолда фаолият юритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Афсуски, бизнинг ходимларимизни ҳам бу касаллик четлаб ўтмади. Орамизда бу дардга чалиниб, шифохоналарда даволанганлар ҳам бўлди.

Барқарор электр энергияси етказиб бериш ҳамда истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш учун, аввало, ходимларимиз соғлом бўлмоғи даркор. Шу маънода Жамият корхоналарида карантин чораларига қатъий амал қилиб келинмоқда. Жумладан, ниқоб тақиш, антисептик воситалардан кенг фойдаланиш, ижтимоий масофа сақлаш ҳамда шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиниши алоҳида назоратга олинган.

Айтиш лозимки, ҳозирда дунёнинг фармсаноати ривожланган мамлакатлар олимлари томонидан коронавирус инфекциясини енгиш ва пандемияни тўхтатиш учун барча чора-тадбирлар ишга солинмоқда. Хусусан, ушбу офатга қарши самарали курашиш воситаси сифатида қатор вакциналар яратилдики, уларнинг инсоният саломатлигини асрашдаги аҳамиятини инкор этиб бўлмайди.

Президентимиз ташаббуслари билан халқимиз саломатлигини асраш, уларни бу касалликдан ҳимоя қилиш мақсадида хориждан зарур вакциналар етказиб берилиши таъминланиб, юртдошларимиз бепул эмланмоқда. Яратиб берилаётган мана шундай имкониятдан фойдаланмаслик нафақат ўзимиз, балки яқинларимиз саломатлигини ҳам жиддий хавф остига қўяди. Афсуски, эмланишга ана шундай беписанд муносабатда бўлган ва бугун шифохоналарда реанимация бўлимида ҳаво етишмаслиги ва нафас қисишидан қаттиқ азоб чекаётган беморларнинг аҳволини кўриш, очиғи, жуда аянчли.

Бундай кўнгилсиз ҳолатларни олдини олиш ҳамда коронавирус инфекциясидан ҳимояланиш чораси сифатида барча фуқароларимизни, шу жумладан Жамият ходимларини вирусга қарши вакцина билан ҳимояланишга чорлаб қоламан. Ҳар бирингизнинг ҳаётингиз мен учун қадрли! Зеро, пандемияни фақат вакцинация билангина тўхтата оламиз.

  • 28.07.2021
  • 1124
Sayt xaritasi