МАРКАЗ НИМСТАНЦИЯСИ ҚУВВАТИ ОШИРИЛДИ. МУРАККАБ КЕЧГАН ВАЗИФА БАЖАРИЛДИ
Баъзида соҳа мутахассислари учун бирон-бир ишни бажаришда жойлашув ҳудуди ҳам катта аҳамият касб этади. Куни кеча фарғоналик энергетиклар томонидан анчагина мураккаб иш уддаланди. Ўз ишининг усталари учун бу каби вазифаларни бажаришда касбга бўлган садоқат ва, албатта, халқ хизмати йўлидаги шижоат камарбаста бўлади.
Фарғона вилоятининг Бағдод, Бувайда, Риштон ҳамда Ёзёвон туманларининг айрим ҳудудларини электр энергияси билан таъминловчи 110/35/10 кВли "Марказ" нимстанциясидаги мавжуд куч трансформатори узоқ вақтлардан буён электр энергиясига бўлган талабнинг ортиши ҳисобига ўта юклама билан ишлаб келаётганди.
"Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" АЖнинг 2021 йил учун белгилаб олинган аниқ чора-тадбирларига асосан, бугунги кунда ушбу нимстанция қуввати оширилди. Нимстанциядаги қуввати 10 000 кВА бўлган куч трансформатори 16 000 кВА бўлган куч трансформаторига алмаштирилди.
Бундан ташқари, нимстанциядаги мавжуд электр қурилмаларни таъмирлаш, бўёқлаш, нимстанция ҳудудини эстетик ҳолатини яхшилаш ишлари амалга оширилди. Ушбу ишларга “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг 50 нафарга яқин мутахассиси, 10 га яқин махсус автотранспорт воситалари жалб қилинди.
“Фарғона ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.