ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВА 5 ТА ВИЛОЯТДА АСКУЭ ТИЗИМИГА МОС ҲИСОБЛАГИЧЛАР ТЎЛИҚ ЎРНАТИЛДИ. ГАЛДАГИ ВАЗИФА – "БИЛЛИНГ"ГА УЛАШ ИШЛАРИНИ ЖАДАЛЛИК БИЛАН ЯКУНЛАШ
Маълумки, мамлакатимизда жорий йил 1 августгача барча электр энергияси истеъмолчиларига автоматлаштирилган тизимга уланган замонавий ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари тўлиқ ниҳоясига етказилиши кўзда тутилган.
Президентимизнинг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси асосида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)га жами 7 миллион 418 мингдан зиёд истеъмолчини улаш режалаштирилган бўлиб, айни вақтда бу борадаги ишлар якуний босқичга келиб қолди.
Хусусан, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида АСКУЭ тизимига мос келувчи ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари тўлиқ якунланди. Бу борадаги ишлар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам жадаллик билан олиб борилиб, 23 июль ҳолатига, жами 7 млн 269 мингдан ортиқ (98%) ҳисоблагич ўрнатиб бўлинган.
Шу билан бирга, ўрнатилган ҳисоблагичларнинг қарийб 6 млн 476 мингдан ортиғи (89 %) “биллинг” тизимига уланган бўлиб, ҳозирда ҳисоб-китоблар автомат равишда амалга оширилмоқда. Бу жараёнлар жойларда фаолияти йўлга қўйилган Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш марказ (Data-center)лар орқали марказлашган ҳолатда бошқарилади.
Таъкидлаш жоизки, айни кунларда республикамизнинг қолган вилоятларида ҳам замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари якуний босқичга келган.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.