ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ҲИСОБИ ИНСОН ОМИЛИСИЗ ЮРИТИЛМОҚДА
Айни кунларда Самарқанд шаҳри истеъмолчилари янги, «ақлли» электр ҳисоблагичлардан фойдаланишмоқда. Қайд этиш керакки, ўтган вақт ичида 128 мингдан ортиқ истеъмолчининг электр ҳисоблагичи биллинг тизимига уланди. Йилнинг учинчи чораги якунига қадар электр энергияси ҳисоби тўлиқ шу тизимга ўтказилиши режалаштирилган.
Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонаси қошида мазкур жараённи мувофиқлаштириш, ҳудудларда сарфланаётган электр энергиясини автоматлаштирилган шаклда ҳисобга олиш ва назорат қилиш мақсадида "Data Center" маркази ишга туширилган.
Марказимизда шаҳардаги барча истеъмолчиларнинг электр ҳисоблагичларидаги маълумотлар жамланади, - дейди "Data Center" бошлиғи Азиз Аҳмедов. - Бизнинг вазифамиз ушбу маълумотларни жамлаб, ускуналар тўғри ишлашини назорат қилишдир. Қолган барча ишлар автоматик равишда, инсон омилисиз амалга оширилади. Яъни, электр энергиясидан қарздорлиги бўлган ёки олдиндан тўлов қилмаган истеъмолчиларни тизимнинг ўзи тармоқдан ажратади. Олдиндан тўлов қилингач у яна тармоққа уланади. Бу жараённи коррупция ҳолатларини олдини олиш, электр энергияси ҳисобини тўғри юритиш йўлидаги муҳим инновацион лойиҳа, десак адашмаган бўламиз.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги тизим ҳудудларда электр энергиясидан ўғринча фойдаланиш ҳолатларини ҳам аниқлаш имконини беради. Мазкур эҳтимолий қонунбузарликлар ҳақидаги маълумотлар ўрганиш учун масъул бўлимларга йўналтирилади.
«Самарқанд ҲЭТК» АЖ матбуот хизмати.