БАЛИҚЧИ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ ТОМОНИДАН 6 ДОНА ЗАМОНАВИЙ ТРАНСФОРМАТОР ПУНКТИ ИШГА ТУШИРИЛДИ
Муҳтарам Юртбошимизнинг жорий йил 17-18 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида белгилаб берган муҳим вазифаларидан бири аҳолининг мурожаатларига бефарқ бўлмаслик, уларнинг турмуш шароитларини янада яхшилашга эътибор қаратиш ҳамда маҳаллалардаги инфратузилма объектларини замон талаблари асосида янгидан бунёд этиш бўлди. Ушбу топшириқ асосида Балиқчи туманидаги маҳаллаларда туман ҳокими, сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида учрашувлар ўтказилмоқда, аҳолининг мурожаатлари тингланиб, ўз жойида ечими топилаяпти.
Мисол учун, тумандаги Кўл бўйи, Аралхон, Шеробод, Қумтепа, Тулкобод, Оқтепа маҳаллалари аҳолиси трансформатор ўрнатиб беришни сўраб мурожаат қилишганди. Балиқчи туман ҳокимлиги маҳаллий бюджет маблағларини йўналтирган ҳолда, “Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” мутахассислари билан ҳамкорликда 6 та маҳалла ҳудудига турли қувватдаги трансформаторларни ўрнатиб берди.
Бундан ташқари туманда дастурга киритилган ҳудудлар электр энергияси сифатини яхшилаш мақсадида амалий ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Зеро ишонч билан айтиш мумкинки, фуқароларимиздан тушаётган ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмайди, барчасини ижобий ҳал қилиш учун соҳа вакиллари кеча-ю кундуз меҳнат қилмоқдалар. Ҳукуматимизнинг мамлакатимиз энергетиклари олдига аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва саноатни сифатли электр энергияси билан таъминлаш вазифасини қўйгани бизни янада масъулият билан ишлашга чақирмоқда.
"Андижон ҲЭТК" АЖ матбуот хизмати.