НАВОИЙДА МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ДАСТУРИ – АМАЛДА
Бугунги кунда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тармоқ корхоналарида маҳаллийлаштириш дастури доирасида тизим эҳтиёжларига йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш, модернизация ва реконструкция қилиш ишларини жадаллаштириш ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг таннархини пасайтириш мақсадида Жамият томонидан ҳудудларда ишлаб чиқариш цехлари фаолияти йўлга қўйилган.
“Навоий ҲЭТК” АЖ томонидан Навоий шаҳрида темир-бетон таянчлар ишлаб чиқариш цехининг ишга туширилиши ҳам ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳолига сифатли электр энергияси етказиб бериш, янги иш ўринлари яратиш каби мақсадларга йўналтирилган, десак муболаға бўлмайди.
Қайд этиш жоизки, кунига 40 дона темир-бетон таянч устуни ишлаб чиқарилаётган цехда қўшимча иш ўринлари яратилган бўлиб, ҳозирда банд бўлган ходимлар сони 10 нафардан зиёдни ташкил этмоқда.
Маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш мақсадида цехга замон талабларига жавоб берадиган технологик ускуналар ўрнатилган бўлиб, бу, ўз навбатида, сифатли маҳсулот тайёрлаш орқали аҳолига барқарор электр энергияси етказиб бериш, маънан эскирган симёғочларни янгисига алмаштириш каби масалаларни тезкорлик билан ҳал қилишга хизмат қилмоқда.
Умуман, “Навоий ҲЭТК” АЖда амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар, шунингдек, тизимда олиб борилаётган реконструкция ва модернизация ишлари натижасида электр энергияси истеъмолчиларига хизмат кўрсатиш сифат кўрсаткичлари ортиб, пировардида аҳоли турмуш фаровонлиги янада яхшиланмоқда.
“Навоий ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.