ФАРҒОНА ШАҲАР ҲОКИМЛИГИ ТАШАББУСИ БИЛАН 7 ДОНА ЯНГИ ЗАМОНАВИЙ ТРАНСФОРМАТОР ПУНКТИ ОЛИБ КЕЛИНДИ
Фарғона шаҳар сектор раҳбарлари ҳамда “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ҳамкорлигида келгусида шаҳар аҳолиси ва улгуржи истеъмолчиларга сифатли ҳамда барқарор электр энергияси етказиб беришда тўсиқ бўлаётган муаммоларни тизимли ҳал этиш масалалари ўрганиб чиқилиб, шаҳар ҳокимлиги ташаббуси, “Фарғона ҲЭТК” АЖ ҳамкорлиги, сектор раҳбарлари, тадбиркорлар ва ҳомийлар кўмагида Фарғона шаҳрига ҳар бирининг қуввати 250 кВА бўлган 7 дона янги замонавий трансформатор пункти олиб келинди.
Халқни рози қилишдек улуғвор мақсадлар бугун раҳбарларни ягона мақсад йўлида бирлашишга ундаётгани қувонарли, албатта. Жорий йилда Фарғона шаҳрида белгиланган дастурларга асосан, электр таъминоти оғир ҳисобланган 8 та маҳалла ҳудудига янги замонавий трансформатор пунктлари ўрнатилиб, замонавий электр узатиш тармоқлари қуриш ишлари олиб борилаётгани ҳам юқоридаги фикрларни тасдиқламоқда.
Ушбу ишларга ҳамоҳанг ҳолда, Фарғона шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджет даромадлари ҳисобига келтирилган ҳар бирининг қуввати 250 кВА бўлган 7 та янги замонавий трансформатор пунктлари қўшимча етитта маҳалла аҳолисининг хонадонларидаги электр таъминоти сифати янада ошишига замин яратади. Бу эса халқимизни дилида турган улуғвор мақсадлар, яъни янги-янги бизнес лойиҳалар учун қўшқанот бўлиб, кўплаб иш ўринларини яратилишига хизмат қилади.
Бу каби эзгу ишлар вилоятнинг Ёзёвон, Бағдод, Риштон ва Ўзбекистон туман ҳокимликлари томонидан ҳам амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиздир.
“Фарғона ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.