ALOQA UCHUN

“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖ ISO 9001:2015 ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ БЎЙИЧА МУВОФИҚЛИК СЕРТИФИКАТИНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ

“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖ  ISO 9001:2015 ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ БЎЙИЧА МУВОФИҚЛИК СЕРТИФИКАТИНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ

Бугун, 30 декабрь куни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда ISO 9001:2015 халқаро стандарти бўйича мувофиқлик сертификатини топширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Маълумки, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ энергетика тизимидаги жадал ривожланиб бораётган, салоҳиятли ташкилотлардан бири сифатида истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб бормоқда. Жамият ўз фаолиятига жаҳоннинг илғор тажрибаларини татбиқ этиш, электр энергия истеъмолчиларига замонавий хизматлар кўрсатиш орқали энергетика соҳасида мавқеини янада мустаҳкамламоқда.

Хусусан, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг ижро аппарати ISO 9001:2015 халқаро сифат менежменти тизими аудитидан муваффақиятли ўтиб, мувофиқлик стандартини қўлга киритгани Жамият томонидан электр энергияси истеъмолчилари талаб ва эҳтиёжларини доимий қондириб бориш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг яна бир маҳсули эканлигидан далолатдир.

 “Sert International” сертификатлаш органи директори Марат Хабибулин мувофиқлик сертификатини топширар экан, Янги йил байрами арафасида жамоа фаолиятига бу каби ижобий баҳо берилиши келгусида Жамият бошқарув сифатини янада яхшилаш ва кўламини кенгайтиришга омил бўлишини таъкидлади.

Аудит хулосалари шуни кўрсатдики, Жамият бошқарув раиси томонидан ижро аппарати фаолиятига ISO 9001:2015 халқаро стандартини жорий этишга алоҳида аҳамият қаратилиб, бошқарув тизимидаги мутахассисларнинг иш юритишда юқори малакага эга эканлиги, қолаверса ходимларнинг самарали меҳнати учун замонавий шарт-шароитлар яратилгани алоҳида эътирофга лойиқдир, – деди у. 

Маълумки, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги қарорига асосан электр энергияни якуний истеъмолчиларга тақсимловчи ва сотувчи ҳудудий электр тармоқлари корхоналарини бошқариш ваколатига эга.

Айни пайтда Жамият тасарруфидаги 14 та ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ҳамда 230 та туман ва шаҳар электр таъминоти корхонаси томонидан 35-110 кВ кучланишга эга 1 623 та нимстанция, 82 591 та трансформатор пункти ва 252,2 минг км узунликдаги электр узатиш тармоқлари орқали Ўзбекистон Республикасининг маиший ва юридик истеъмолчиларига электр энергияси етказиб берилмоқда.

Юртимизда энергетика тармоғининг ривожи ҳамда энергетик ресурсларга талабнинг ошиб бораётганлиги ISO 9000 тоифасидаги халқаро стандартларга риоя қилиниши ҳамда унинг расмий ва оммавий тарзда тасдиқланиши истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадини кўзлаган ҳар қандай жамоа учун муҳим аҳамиятга эгадир.

Тадбир сўнгида сифат менежменти тизимининг жорий этилиши Жамият учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, фаолият натижаларини яхшилаш йўлида мустаҳкам пойдевор ҳозирлаш ва, умуман олганда, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим роль ўйнаши таъкидлаб ўтилди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.

  • 30.12.2020
  • 3261
Sayt xaritasi