ALOQA UCHUN

Qayta tiklanuvchi energiya manbalarini joriy etish bо‘yicha tavsiyalar

Қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этмоқчимисиз, қуйидаги эслатмадан фойдаланишни тавсия этамиз

 

Аҳоли, ижтимоий ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ва ушбу қурилмаларни жорий этилишини рағбатлантириш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги
“2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ПҚ-57-сон қарори;

ҳамда мазкур қарор ижросига қаратилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 июндаги “Жисмоний шахслар
ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг эҳтиёждан ортиқча қисмини сотиш тартибини белгилаш тўғрисида” 247-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорларга асосан,  2023  йил  1  апрелдан  бошлаб  умумий  қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғи, қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан уч йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса — ўн йил муддатга озод этилади;

2023 йил 1 мартдан бошлаб ягона электр энергетика тизимига уланиш учун берилган техник шартларда кўрсатилган қувватдан юқори бўлмаган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини электр тармоқларига улашда қўшимча техник шарт олиш талаб этилмайди.

қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат органига ва (ёки) ҳудудий электр тармоқларига ўрнатилган тарифларда, бошқа истеъмолчиларга ўзаро келишилган нархларда тўғридан-тўғри тузилган, шу жумладан узоқ муддатли шартномалар асосида сотишга;

бошқа шахсларга тегишли объектларда ижара ҳуқуқи асосида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиб, ушбу қурилмаларда ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотишга рухсат берилади.

2023 йил 1 апрелдан бошлаб республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли (умумий қуввати 50 кВт гача) қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури доирасида:

а) “Қуёшли хонадон” дастури доирасида жисмоний шахсларга тегишли объектларда ўрнатилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига (ижобий тафовут) Давлат бюджетидан 1 000 сўмдан субсидия ажратилади («Soliq» мобиль иловаси орқали);субсидия тўловлари жисмоний шахсларнинг жами даромадлари таркибига киритилмайди;

Дастурнинг ишлаш тартиби:

хонадонида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган аҳоли Солиқ мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтади;

илова орқали рўйхатдан ўтганидан сўнг “Қуёшли хонадон” дастури иштирокчиси ҳисобланади;

"Soliq" мобил иловасига “Quyoshli xonadon” хизмати орқали тегишли маълумотларни яъни аризани он-лайн тарзда юборади;

юборилган ариза асосида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳудудий филиаллари ходимлари томонидан “Электрҳисоб” дастурий комплексида аҳоли истеъмолчиси шартнома карточкасидаги маълумотлари хатловдан  ўтказилади;

хатлов натижаларига кўра, қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетикаси тизимига узатилган электр энергиясини ҳамда электр тармоғидан истеъмол қилган электр энергияси ҳисоби олиниб, ой давомидаги “Ижобий тафовут” ҳисоб-китоб қилинади.

субсидия солиқ органлари томонидан ҳар ойда «Soliq» мобил иловаси орқали ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар фуқароларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилади, бунда фуқаролар “Face ID”дан ўтишлари лозим бўлади;

б) жисмоний шахслар томонидан ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергияси ҳажми:

ой давомида ягона электр энергетика тизимидан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмидан кўп бўлган тақдирда, шу ой учун электр энергияси бўйича «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга тўлов қилинмайди;

ой давомида ягона электр энергетика тизимидан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмидан кам бўлган тақдирда, шу ой учун электр энергияси бўйича тўловлар истеъмол қилинган ва узатилган электр энергияси фарқидан келиб чиқиб ҳисобланади;

Аҳоли қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича ягона электрон платформасига қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш юзасидан мурожаат этиши мумкин.

Қуёш панеллари географик ҳудудга қараб, Республикамизда жанубга қараб ўрнатилиши мукаммал ўрнатиш ҳисобланади. Ҳовли турар жойларга ўрнатиш учун уй томлари энг оптимал вариант саналади.

Томда қуёш панелларига деярли соя тушмайди. Катта қувватли қуёш панеллари учун эса, албатта, катта очиқ майдонлардан, дарахтлар соя солмайдиган ерлардан фойдаланиш, атрофига махсус тўсиқлар ўрнатиш тавсия этилади.

Ўрнатишда қаттиқ жисмлар тегса, синиши мумкинлигини ҳам эътибордан четда қолдирмаслиги лозим. Панел синса, уни таъмирлаш имкони мавжуд эмас.

Уй ёки корхоналарга ишлатиладиган электрга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, маълум қувватли қуёш панеллари тавсия этилади. Бу уй квадрат метрига боғлиқ эмас.

Агар харидор ойлик, йиллик электр истеъмолини ёзиб, мутахассисга кўрсатса, унга айнан қанча қувватли қуёш панели кераклигини аниқлаш осон бўлади. Қанча соат ишлашини мижоз ўзи танлайди.

Мижоз ўз хонадонига ёки корхона ва ташкилотларга қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмасини жорий этиш бўйича шартнома тузган пудрат ташкилотидан:

қурилмани амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мос ҳолда ўрнатилишини;

қурилма тўлиқ жиҳозланган бўлиши, бунда албатта қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқарилган ўзгармас токни ўзгарувчан токка айлантириб берувчи инверторлар мавжудлигини;

қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини жорий этиш бўйича лойиҳа ҳужжатларининг тўлиқ расмийлаштирилишини талаб этиши лозим (юридик истеъмолчилар учун техник шарт, лойиҳа хужжатлари, кафолат ҳужжати ва бошқалар).

жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун ўрнатиладиган қуввати 1 МВтгача бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ўз эҳтиёжидан ортиқча қисмини икки томонлама — ишлаб чиқарувчи, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва давлат томонидан электр энергиясини сотиб олиш функцияси (ваколати) берилган орган ўртасида тузиладиган солиштирма далолатнома расмийлаштириш орқали аниқланади ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан кафолатланган тарзда белгиланган тартибда сотиб олинади;

электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ўзи фойдаланиши учун ҳосил қилинган электр энергиясини бошқа жисмоний ва юридик шахсларга ўз электр тармоқлари орқали сотиши мумкин.

 

электр энергиясини ишлаб чиқарувчининг ўз электр тармоқлари мавжуд бўлмаган ҳолатларда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ тармоғидан транзит хизматлари учун идоралараро тариф комиссияси ҳужжатларида белгиланган тариф асосида тўловларни амалга оширган ҳолда бошқа жисмоний ва юридик шахсларга етказиб берилади.

Юридик шахслар ягона энергетика тизимидан олган электр энергияси учун амалда белгиланган тарифлар асосида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ билан ҳисоб китобни амалга оширади, ўз навбатида ушбу истеъмолчилар объектларида жорий этилган қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқарилган ва эҳтиёжидан ортган қисмини II тариф гуруҳи истеъмолчилари учун белгиланган тарифнинг 80 фоизи миқдорида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга сотади.

“Хизмат уйлари”да истиқомат қилувчилар томонидан OFF-GRID тизимидаги (аккумуляторли) қуёш панелларини ўрнатилиши мақсадга мувофиқ бўлиб, бунда истеъмолдан ортган электр энергиясининг заҳираси яратилади. (Хизмат уйларида яшовчи истеъмолчилар “Қуёшли хонадон” дастури иштирокчиси бўла олмайди)

  • 2567
Sayt xaritasi