ALOQA UCHUN

ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ТАЪМИНОТИНИНГ ЗАМОНАВИЙ ТИЗИМИ

ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ТАЪМИНОТИНИНГ ЗАМОНАВИЙ ТИЗИМИ

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан бугунги кунда республика электр энергияси истеъмолчиларига Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги 3981-сонли ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва автоматлаштирилган тизимларини жорий этишни жадаллаштириш чора-тадирлари тўғрисида”ги 594-сонли қарорларига асосан, АСКУЭ тизимига мос келувчи ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари тизимли олиб борилмоқда.

Бугунги кун ҳолатига республика бўйича жами 5 миллион 307 минг 346 ёки 72 фоиз аҳоли истеъмолчиларига ушбу тизим талабларига мос келувчи ҳисоблагичлар ўрнатилиб, шундан қарийб 2,9 миллион  нафари ёки 54 фоизи биллинг тизимига уланди.

Таъкидлаш жоизки, АСКУЭ тизимини жорий этишдан асосий мақсад истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги шаффофликни таъминлаш, етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш, шу билан бирга, истеъмолчилар ўртасида фойдаланган электр энергияси учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш, электр энергиясини тақсимлашда ҳар бир истеъмолчи ва трансформатор пункти кесимида керакли маълумотларни олиш ва таҳлил қилиб бориш, шу билан бирга, ушбу олинган маълумотлар асосида модернизация ишларини амалга ошириб бориш ҳисобланади.


Аҳамиятлиси, ушбу тизим орқали истеъмолчиларнинг ҳисоблагичларига ташқаридан аралашувларини, ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олди олинади. Хусусан, кўп ҳолатларда қарздорлиги мавжуд истеъмолчилар тармоқдан ажратилганда, ўзбошимчалик билан қайта уланиб олишлари каби ҳолатлар учраб турган эди. АСКУЭ тизими айнан шундай ноқонуний аралашишларнинг олди олинишига хизмат қилади. Дейлик, истеъмолчи томонидан шундай ҳолатга йўл қўйилган ва қарздорлик қопланган тақдирда ҳам, ҳисоблагичлар автоматик тарзда ёқилмайди. Электр таъминоти корхоналари мутахассислари томонидан керакли чоралар кўрилгандан сўнггина, энергия таъминоти тикланиши мумкин.  

Шу билан бирга, АСКУЭ тизими орқали жойлардаги катта юкламалар билан ишлаётган трансформатор пунктлари ҳамда тармоқларни аниқлаш, юзага келадиган аварияли ҳолатларнинг олдини олиш, келгусида айни тизим ёрдамида модернизация ва қурилиш ишларини амалга ошириш ҳамда энг асосийси, истеъмолчиларимизга барқарор электр энергияси етказиб беришда самарадорликни оширади.

Бу лойиҳа ўзини қанчалик оқлайди? Бунинг техник-иқтисодий асослари, яъни айни лойиҳа ўзини саккиз йилда қоплаши ҳисоб-китоб қилинган бўлиб, аҳамиятли томонларидан бири ушбу тизим истеъмолчиларимизни ортиқча оворагарчиликлардан халос қилади. 

Аниқланишича, Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманларида истеъмолчилар орасида қарздорлик ҳаддан зиёд ортиб кетган. Ҳозирда аҳолига ҳисоблагичлар тўлиқ қўйилиб, биллинг тизимига уланганидан сўнг қарздорларни ўчириш чоралари бошланди. Масалан, Зангиота туманида жорий йил 20 сентябрдан АСКУЭ тизимига ўтилди. Бунгача аҳолининг электр энергияси учун қарзи 56 млрд. сўмни ташкил этаётгани, ҳозир ушбу кўрсаткич 45 млрд. сўмга тушганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ачинарлиси, бундай ҳолат йилдан-йилга такрорланиб, дебитор қарздорлик ўсиб кетишига олиб келган. Хусусан, юқорида қайд этилган туманда сентябрь ойининг ўзида бу борадаги кўрсаткич 7 фоизга ошгани аниқланди. Демак, ушбу тизим орқали нафақат қарздорлик ошишининг олди олинди, балки унинг сонини камайтирилишига ҳам эришилди.

Худди шундай ҳолатни Қибрай туманида ҳам кузатишимиз мумкин. Хусусан, аҳоли истеъмолчиларининг қарздорлиги 18 млрд. сўмни ташкил этиб, ҳозирда бу борадаги кўрсаткич 8 млрд. сўмга тушгани АСКУЭ тизимининг қарздорликларни олдини олишда самара бераётганидан далолатдир.

Тошкент тумани мисоли кўрадиган бўлсак, бир кунда 4 млрд. сўм тушум бўлгани, ваҳоланки бу туманда бир ойда ушбу кўрсаткич 500 млн. сўмдан ошмагани англашилади.  

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2021 йил июль ойига қадар республика бўйлаб 7,4 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг барчаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиши кўзда тутилган.

Айни кунгача жамиятнинг ўз маблағлари ҳамда қатор халқаро ташкилотлар инвестициялари ҳисобидан 5 млн. га яқин замонавий ҳисоблагичлар ўрнатиб бўлинди. Электрон ҳисоблагичлар Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси ҳамда “Электрон ҳисоблагич” ҚК ва “Тошэлектраппарат” МЧЖлар томонидан етказиб берилмоқда.

Шулардан бири – “Электрон ҳисоблагич”        қўшма        корхонаси 16 йиллик фаолияти давомида мамлакатимизнинг электр тармоқлари корхоналарига 3 млн.га яқин 1 фазали ва 200 мингдан ортиқ 3 фазали ҳисоблагичлар етказиб берган. Ҳозирги кунда корхонада икки турдаги 1 фазали ва икки турдаги 3 фазали ҳисоблагичлар ишлаб чикарилмоқда.

Корхона жамоаси “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ билан 2019 йил 1 мартда тузилган шартномага асосан Тошкент шаҳри, Фарғона, Андижон, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари истеъмолчиларига замонавий электр ўлчов асбоблари етказиб бермокда.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.

 

 

  • 23.12.2020
  • 4936
Sayt xaritasi