ALOQA UCHUN

МАХСУС ШТАБ АЪЗОЛАРИ "ФАРҒОНА ҲЭТК" АЖ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЦЕХЛАРИ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ЯҚИНДАН ТАНИШДИЛАР

МАХСУС ШТАБ АЪЗОЛАРИ "ФАРҒОНА ҲЭТК" АЖ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЦЕХЛАРИ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ЯҚИНДАН ТАНИШДИЛАР

Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Энергетика вазирлиги махсус штаби мамлакатимиз ҳудудларида соҳада олиб борилаётган ишларни таҳлил қилиш, ҳудудларда аҳоли ва саноат корхоналарини 2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумида электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида водий вилоятларида бўлиб турибди.

Бугун штаб аъзолари Фарғона вилоятига ташриф буюришди. Дастлаб “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти фаолияти, хусусан, паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш, модернизация ва реконструкция қилиш ишларини жадаллаштириш ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг таннархини пасайтириш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 февралдаги 111-сонли қарори асосида Жамият томонидан йўлга қўйилган ишлаб чиқариш цехлари фаолияти билан танишилди.

Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири ҳамда ҳамда ёқилғи-энергетика тармоғи корхоналари раҳбарлари иштирок этган тадбирда дастлаб темир-бетон таянчлар ишлаб чиқариш цехи тақдимоти ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, ойлик ишлаб чиқариш қуввати 840 дона, йиллик ишлаб чиқариш қуввати эса 10080 донани ташкил этадиган мазкур цехда кунига 30 дона, шу жумладан 18 дона – СВ-95-2,0 ва 12 дона – СВ-110-3,5 русумли темир-бетон таянчлар ишлаб чиқарилмоқда. Тез орада цехнинг иккинчи навбатини ишга тушириш ҳам кўзда тутилган бўлиб, унинг фаолияти йўлга қўйилгач қўшимча 10 нафар янги иш ўрни яратилиб, ишлаб чиқариш қуввати икки баробарга ортиши ҳамда корхонанинг темир-бетон таянчларга бўлган йиллик эҳтиёжи қарийб 100 % га шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар эвазига қопланиши кўзда тутилмоқда.

Шундан сўнг, йиғилганлар металл конструкциялар ишлаб чиқариш цехи фаолияти билан танишдилар.

Қайд этилишича, “Фарғона ҲЭТК” АЖда темир-бетон таянчлар ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши билан таянчларни ўзаро маҳкамлаш ва уларга симларни осиш учун зарур бўладиган ҳар хил турдаги металл конструкциялар ишлаб чиқариш зарурати юзага келди. Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, жамият қошида металл конструкциялар ишлаб чиқариш цехи фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Бунинг учун керакли асбоб-ускуна ва токарлик дастгоҳлари ўрнатилиб, зарур хомашё сотиб олинди.

СИП арматуралари ишлаб чиқариш цехи ҳам йиғилганларда алоҳида таассурот қолдирди. Хусусан, полимерларни қайта ишлашга мўлжалланган замонавий 290 ва 120 тонналик гидравлик босим билан ишловчи термопласт автоматлар, хомашёни қуритиб дастгоҳга етказиб берувчи ускуна (сушилка), 7 хил турдаги темир қолип, маҳсулотларни қолдиғини қайта ишлаш учун дробилка ва бошқа зарур ускуналар келтириб ўрнатилгач, цех тўла қувват билан ишлай бошлади. Бу эса, ўз навбатида, бу ерда қўшимча 7 нафар  янги иш ўрни яратиш имконини берди.

Ҳозирги кунга келиб ишлаб чиқариш цехида 6 хил турда, яъни Р-70, Р-645, ES-1500, DN-1, РА-1500, SA-2000 русумли СИП арматуралари ишлаб чиқарилмоқда. Цех фаолиятини янада кенгайтириш ва маҳсулотнинг қолган турларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Тақдимот давомида қатнашчилар эътиборига, шунингдек, жамиятнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, маънан эскирган электр жиҳозларини янгилаш мақсадида, юридик ва жисмоний шахслардан давлат ва шартномавий хизматлар кўрсатиш соҳаси бўйича корхона ҳисобига тушган маблағлар ҳисобидан харид қилинган техника воситалари ҳавола қилинди.


Соҳада амалга оширилаётган бу каби истиқболли лойиҳалар, пировардида истеъмолчиларга сифатли ва барқарор электр энергияси етказиб бериш ҳамда мавжуд электр узатиш тармоқларини янгилашга қаратилгандир.

 “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.

  • 10.09.2020
  • 1786