"ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ" АЖ ТОМОНИДАН ЭЛЕКТРОН ҲИСОБЛАГИЧЛАРГА ТЕХНИК ХИЗМАТ КЎРСАТУВЧИ МАРКАЗ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ
Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази фойдаланишга топширилиши муносабати билан Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси вице-президенти Lee Hansup бошчилигидаги делегация аъзолари пойтахтимизда бўлиб турибди.
Кеча делегация вакиллари ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Бошқарув раиси Улуғбек Мустафоев иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик натижасида мамлакатимизда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш истиқболлари ҳамда бу борада яқин келажакда олиб борилиши лозим бўлган масалалар муҳокама қилинди.
Тадбирда Бошқарув раиси мамлакатимизда мазкур тизимни жорий этиш бўйича Жанубий Корея томонидан кўрсатилган ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдириб ўтди. Таъкидланганидек, ҳукуматимиз томонидан қаратилган эътибор натижасида ушбу тизим мамлакатимизда электр энергия сарфи ҳамда ҳисоб-китоби соҳасида туб бурилиш ясайди. Шу маънода мақсадли шерикчиликнинг келажакдаги имкониятлари ва натижадорлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳамкорликни давом эттириш юзасидан янги таклифлар ўртага ташланди. Жумладан, мазкур автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасини амалиётга жорий этиш натижасида мамлакатимизда электрон ҳисоблагичларни ишлаб чиқариш амалиёти вуждга келганлигини инобатга олиб, МДҲ давлатларида мазкур лойиҳани жорий этишда ҳамкорлик қилиш таклиф этилди. Шу билан бир қаторда, ҳисоблагичларга сервис хизмат кўрсатувчи марказ ташкил қилиш таклифи билдириб ўтилди.
Ўз навбатида, жаноб Lee Hansup Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасида узоқ муддатли ва ишончли ҳамкорлик ўрнатилганлигини таъкидлаб, мамлакат Президенти томонидан сўнгги йилларда турли соҳаларда бўлгани каби энергетика соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар “KT Corporation” компаниясининг Ўзбекистондаги фаолиятига кенг имконият яратгани, жумладан, яқин кунларда ишга туширилиши режалаштирилаётган Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази минтақада ягона эканлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар автоматлаштирилган тизимини белгиланган муддатларда сифатли якунлаш бўйича музокора олиб бордилар.
"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Матбуот хизмати.