Call-center: 1154

“ФАРҒОНА ҲЭТК” АЖДА ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР ОНЛАЙН ТАҚДИМОТИ БЎЛИБ ЎТДИ

“ФАРҒОНА ҲЭТК” АЖДА ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР ОНЛАЙН ТАҚДИМОТИ БЎЛИБ ЎТДИ

Маълумки, мамлакатимиз келажаги ва юксак тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, аввало, иқтисодиётнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижаларига боғлиқ. Шу маънода энергетика соҳасида ҳам кейинги йилларда қатор ижобий силжишлар бўлди. Хусусан, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан аҳолини янада сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар халқимизнинг турмуш даражасини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Куни кеча “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятида паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш, модернизация ва реконструкция қилиш ишларини жадаллаштириш ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг таннархини пасайтириш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 февралдаги 111-сонли қарори асосида Жамият томонидан йўлга қўйилган ишлаб чиқариш цехлари фаолияти ҳамда тайёр маҳсулотлар онлайн тақдимоти бўлиб ўтди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбарияти ҳамда тизим корхоналари раҳбарлари иштирок этган тадбирда биринчи бўлиб темир-бетон таянчлар ишлаб чиқариш цехи тақдимоти ўтказилди.

Таъкидланишича, мазкур цехда 18 та қўшимча иш ўрни яратилган бўлиб, бугунги кунда бу ерда кунига 30 дона, шу жумладан 18 дона – СВ-95-2,0 ва 12 дона – СВ-110-3,5 русумли темир-бетон таянчлар ишлаб чиқарилмоқда. Цехнинг ойлик ишлаб чиқариш қуввати 840 дона, йиллик ишлаб чиқариш қуввати эса 10080 донани ташкил этади. Юқоридаги қарорда белгилаб берилган вазифаларни бажариш мақсадида цехнинг иккинчи навбатини ишга тушириш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирда қурилиш ишлари бажарилмоқда. Қўшимча цех фаолияти йўлга қўйилгач қўшимча  10 нафар янги иш ўрни яратилиб, ишлаб чиқариш қувватлари икки баробарга ортади ҳамда корхонанинг  темир-бетон таянчларга бўлган йиллик эҳтиёжи қарийб 100 % га шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар эвазига қопланади.

Галдаги тақдимот электр ҳаво узатиш тармоқларида қурилиш-монтаж ишларини бажариш учун махсус тайёрланадиган металл конструкцияларга бағишланди.

Қайд этилишича, “Фарғона ҲЭТК” АЖда темир-бетон таянчлар ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши билан таянчларни ўзаро маҳкамлаш ва уларга симларни осиш учун зарур бўладиган ҳар хил турдаги металл конструкциялар ишлаб чиқариш зарурати юзага келди. Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, жамият қошида металл конструкциялар ишлаб чиқариш цехи фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Бунинг учун керакли асбоб-ускуна ва токарлик дастгоҳлари ўрнатилиб, зарур хомашё сотиб олинди.

Иштирокчиларда СИП арматуралари ишлаб чиқариш цехи ҳам алоҳида таассурот қолдирди. Полимерларни қайта ишлашга мўлжалланган замонавий 290 ва 120 тонналик гидравлик босим билан ишловчи термопласт автоматлар, хомашёни қуритиб дастгоҳга етказиб берувчи ускуна (сушилка), 7 хил турдаги темир қолип, маҳсулотларни қолдиғини қайта ишлаш учун дробилка ва бошқа зарур ускуналар келтириб ўрнатилгач, цех тўла қувват билан ишлай бошлагани натижасида бу ерда қўшимча 7 нафар  янги иш ўрни яратилди.

Ҳозирги кунга келиб ишлаб чиқариш цехида 6 хил турда, яъни Р-70, Р-645, ES-1500, DN-1, РА-1500, SA-2000 русумли СИП арматуралари ишлаб чиқарилмоқда. Цех фаолиятини янада кенгайтириш ва маҳсулотнинг қолган турларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Тақдимот сўнгида Лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш бўлими фаолияти билан танишилди. Маълумки, белгиланган дастурлар ижросини таъминлашда лойиҳа-смета ҳужжатларининг ўз вақтида бажарилишига эришиш, лойиҳа-смета ҳужжатлари учун сарфланаётган харажатлар миқдорини қисқартириш орқали корхонанинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда  “Фарғона ҲЭТК” АЖ таркибида 10 кишидан иборат Лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш бўлими ташкил этилган бўлиб, ҳозирда ўз фаолиятини юқоридаги вазифалар ижросига қаратган.

Тақдимот давомида қатнашчилар эътиборига, шунингдек, жамиятнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, маънан эскирган электр жиҳозларини янгилаш мақсадида, юридик ва жисмоний шахслардан давлат ва шартномавий хизматлар кўрсатиш соҳаси бўйича корхона ҳисобига тушган маблағлар ҳисобидан харид қилинган техника воситалари ҳавола қилинди.

Соҳада амалга оширилаётган бу каби истиқболли лойиҳалар, пировардида истеъмолчиларга сифатли ва барқарор электр энергияси етказиб бериш ҳамда мавжуд электр узатиш тармоқларини янгилашга қаратилгандир.

“Фарғона ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.

  • 06.08.2020
  • 232
Diqqat! Veb-sayt test holatida ishlamoqda.