ALOQA UCHUN

МАСЪУЛИЯТ ВА ТАЛАБЧАНЛИК БОР ЖОЙДА... ёхуд Тезкор диспетчерлик химати бошлиғи Шухрат Ғаффоров портретига чизгилар

МАСЪУЛИЯТ ВА ТАЛАБЧАНЛИК БОР ЖОЙДА...

ёхуд Тезкор диспетчерлик химати бошлиғи Шухрат Ғаффоров портретига чизгилар

Диспетчерлик касби  энергетика соҳасида ўта масъулиятни талаб қилувчи соҳалардан биридир. Қисқа сонияларда тўғри қарор қабул қилиш, диспетчернинг “жойларга чиқиб” ишлаш тажрибаси зарурлиги ва нега бу касб ўта вазминликни талаб қилиши ҳақида “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ Тезкор диспетчерлик химати бошлиғи Шухрат Ғаффоровнинг меҳнат фаолияти орқали билиб оласиз.

“Навоий ҲЭТК” АЖнинг диспетчерлик хонасида эрталабдан телефон қўнғироқлари тинмайди – усталар, туман электр таъминотидаги ва нимстанциялардаги диспетчерлар,  корхона раҳбарлари ва туман аҳолисидан кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Булар асосан, истеъмолчилар хонадонида нима учун кучланиш паст ёки юқори эканлиги, қачон электр таъминоти тикланиши ва шунга ўхшаш бошқа саволларга тегишли. Бу ерда  диспетчер ҳамма учун том маънода жавобгардир. У бош муҳандисни хабардор қилади, тезкор маълумотларни тўплайди, раҳбариятга етказади ва тезкор бригада ходимларини носозлик вужудга келган объектга жўнатади. Бундан ташқари жойлардаги бригадалар ва ишчилар, нимстанциялардаги навбатчи ходимларнинг ахборотини қабул қилади, электр тармоғидаги барча ўзгаришлар билан танишади, келгуси кун учун режалаштирилган таъмирлаш ишларини ва фавқулодда ҳолатлар бўйича мурожаатларни ўрганади.

Электр тармоқларидаги ҳар қандай энг кичик хато ҳам аҳолига ва ишлаб чиқариш соҳасига катта ноқулайлик туғдириши мумкин, – дейди Ш. Ғаффоров. – Баъзида диспетчерларга қўнғироқлар бутун навбатчилик куни давомида тинимсиз келиб тушади. Шу маънода, тармоқ оператори сифатида ишлаш учун сиз сабр-тоқатли, ўз касбингизнинг маҳоратли устаси бўлишингиз керак. Ҳар куни масъулиятни унутмай, ҳар қандай мушкул вазиятларни бартараф этишга ҳаракат қилиб ишлайдиган барча йигитларга, ҳамкасбларимга ўу ўринда катта раҳмат айтмоқчиман. Қор, ёмғир ва иссиқ ҳаво ҳароратига қарамай, куну тун тармоқларда таъмирлаш ва қуриш ишларида меҳнат қиладилар. Кўпчилик бу қандай оғир ва машаққатли меҳнат эканлигини тушунмайди.

Шуҳрат Абдираимович 1984 йил Тошкент политехника институтини тамомлаб, энергетика соҳасидаги меҳнат фаолиятини Реле ҳимояси ва автоматикаси хизматидан бошлаган. Ёш мутахассис ўзининг тиришқоқлиги, берилган вазифаларга масъулият билан ёндашиши орқали жамоадошлари орасида тез орада ҳурмат ва эътибор қозонди.Аста-секин мартаба зинапоясидан кўтарилиб, 2004 йилда ушбу хизматнинг бошлиғи бўлди. Ундан сўнг, 2008 йилдан 2011 йилгача навбатчи диспетчер лавозимида ишлади. 2012 йилдан шу вақтга қадар Тезкор диспетчерлик хизмати бошлиғи лавозимида меҳнат қилмоқда.

Бугунги кунда унинг вазифаларига нимстанцияларда барча техник жараёнларни бошқариш, тармоқнинг иш режимлари, ускуналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, электр жиҳозларни таъмирлаш ва ишга тушириш учун тезкор гуруҳларнинг нимстанцияларга етиб боришини ташкил этиш киради. Бунда Шуҳрат акага соҳадаги кўп йиллик тажрибаси ва ишга масъулият билан ёндашиши қўл келади. Касбига ва ўз ишига бўлган муҳаббати туфайли ҳамкасбларининг ҳурмат ва эҳтиромига сазовор бўлган.

Aвлодлар давомийлиги “Навоий ҲЭТК” АЖнинг минг кишилик жамоаси учун алоҳида ғурурдир. Бу ерда жамиятнинг том маънода обрў-эътибори, шарафи бўлган бир оила вакиллари фаолият юритиб келмоқда. Ш. Ғаффоров сулоласининг электроэнергетика соҳасидаги йўли 1960-йилларда, қаҳрамонимизнинг отаси электрпайвандчи бўлиб ишга келган кунидан бошланади. Шуҳрат аканинг рафиқаси ҳам айни кунда “Миллий электр тармоқлари” АЖда фаолият юритмоқда. Фарзандлари ҳам ўз ҳаётини ота касб – энергетика соҳаси билан боғлаганлар.

"Навоий ҲЭТК" АЖ матбуот хизмати

  • 09.06.2020
  • 1723
Sayt xaritasi