СИРДАРЁДА ЯНГИ МАССИВЛАР ВА АҲОЛИ ЯШАШ ХОНАДОНЛАРИ ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ ЖИҲОЗЛАРИ БУТУНЛАЙ ЯНГИЛАНМОҚДА
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сув тошқинидан зарар кўрган аҳолига уй-жойлар қуриш, таъмирлаш ва тиклаш ишлари бўйича топшириғи доирасида Ҳукумат комиссияси ташкил этилиб, тошқин оқибатларини бартараф этиш учун барча тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Энергетика вазирлиги ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Сирдарё вилояти “Шодлик”, “Дўстлик” ва “Қўрғонтепа” МФЙ ҳудудларида қурилиш массивларини электр энергияси билан таъминлаш режаси ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари Сардоба тумани “Дўстлик” МФЙда 37 та 1480 хонадонли кўп қаватли уйнинг ташқи электр таъминоти учун 7 дона 2х630 кВА ТП ҳамда 5 км электр узатиш тармоғи, Мирзаобод тумани “Навбаҳор” ва “Ҳақиқат” маҳалаларида 29 та 1160 хонадонли кўп қаватли уй ташқи электр таъминоти учун 7 дона 2х630 кВА қувватли трансформатор пункти ва 4 км электр узатиш тармоғи қуриш орқали аҳолини сифатли электр энергияси билан таъминлаш режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, бу борадаги ишларга барча “ҲЭТК” АЖлардан қўшимча равишда 170 га яқин мутахассис ва автотехника воситалари жалб қилинган бўлиб, улар ёрдамида талафотдан шикастланган хонадонларга кирувчи тармоқларни демонтаж-монтаж қилиш ҳамда кўчиб келаётган аҳоли хонадонларининг ички электр тармоқларини тартибга солиш, шунингдек, барча штабларни электр энергияси билан таъминлаш, жойлардаги электр тармоқ ва трансформатор пунктларида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Тегишли топшириқлар тезкорлик билан ҳал қилинаётир.
Маълумот ўрнида, шу кунга қадар шикастланган 3 дона нимстанция, 105 дона трансформатор пункти ва 341,46 км электр узатиш тармоқлари ҳамда 6 208 та электр устунларида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилиб, ишга туширилди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ,
“Сирдарё ҲЭТК” АЖ матбуот хизматлари.