ALOQA UCHUN

“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖ: КАРАНТИН ДАВРИДА БАРЧА ТАРКИБИЙ КОРХОНАЛАР ОДАТДАГИ ТАРТИБДА ИШ ОЛИБ БОРАДИ

“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖ: КАРАНТИН ДАВРИДА БАРЧА ТАРКИБИЙ КОРХОНАЛАР ОДАТДАГИ ТАРТИБДА ИШ ОЛИБ БОРАДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан мамлакатимизда жорий йил 24 мартдан бошлаб кучайтирилган тартиб жорий этилиши белгиланган.

Шу муносабат билан, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг таркибий корхоналарида юқоридаги қарорга асосан бир қатор чекловлар ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилмоқда. Жумладан, ишчи-хизматчиларнинг тиббий ниқоб ва тиббий воситаларни қўллаган ҳолда иш жойларига кириши, уларнинг тана ҳарорати ўлчаниши ва бошқа талабларга риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилган.

 

Шу билан бирга, айрим ходимлар масофавий ишлаш, баъзилари қонунчиликда белгиланган меҳнат таътилларига чиқарилди. Фақат зарур ишчи-ходимларгина иш жойига жалб қилинган бўлиб, уларнинг келиб-кетиши учун хизмат автомашиналари ажратилган.

Бундан ташқари, жойларда вужудга келиши мумкин бўлган авариявий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида тезкор бригадалар фаолияти такомиллаштирилиб, зарур жиҳоз ва техникалар билан тўлиқ таъминланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, карантин даврида аҳолига узлуксиз электр энергияси етказиш ҳамда мижозларга хизмат кўрсатиш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ таркибий корхоналари, шунингдек, туман электр таъминоти корхоналари одатдаги тартибида фаолият олиб боради.

Аҳоли орасида ва ижтимоий тармоқларда электр тармоқлари корхоналари иш фаолиятига ўзгариш ва қисқартишлар киритилади, деган гаплар мутлақо асоссиздир.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.

  • 24.03.2020
  • 1462
Sayt xaritasi