ALOQA UCHUN

БЕШ МУҲИМ ТАШАББУС ЭНЕРГЕТИКА СОҲАСИДА КЕНГ ҚУЛОЧ ЁЙМОҚДА

БЕШ МУҲИМ ТАШАББУС ЭНЕРГЕТИКА СОҲАСИДА КЕНГ ҚУЛОЧ ЁЙМОҚДА

“Навоий ҲЭТК” акциядорлик жамиятида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Хабарингиз бор, 2019 йил 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди.

“Навоий ҲЭТК” акциядорлик жамиятида ўтказилган тадбир ҳам Юртбошимиз томонидан илгари сурилган ташаббусларни амалиётга татбиқ этишга бағишланди.

Хусусан, ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш мақсадида ишчи-ходимларнинг фарзандлари ўртасида шеърхонлик ва рассомчилик йўналиши бўйича беллашув ўтказилди.

 – Бу фарзандларимиз учун кутилмаган ажойиб совға бўлди, – дейди “Навоий ҲЭТК” АЖ ходими Райхон Ибрагимова. – Ёшларимизнинг илм олиш, ҳунар ўрганиш, санъат ва спортга иштиёқи баланд. Уларнинг бу қизиқишлари давлат аҳамияти даражасида рағбатлантирилаётгани алоҳида эътирофга лойиқ. Келажакда улар шунга яраша ақлли, салоҳиятли фарзандлар бўлиб улғайишади, деган умиддаман.

Корхона ишчи-ходимлар ўртасида волейбол спорт тури бўйича мусобақа ташкил этилгани  ҳам уларнинг жисмоний чиниқишлари, спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун жамият томонидан зарур шароитлар яратилганидан далолатдир.

Шунингдек, аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер саводхонлиги ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган тадбирда жамият ходимлари матн киритишда беллашдилар. Бундан ташқари, ишчи-ходимларнинг маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида корхона билимдонлари ўртасида Алишер Навоийнинг “Ҳамса” асари бўйича викторина бўлиб ўтди.

Бу борадаги ишлар ҳудуднинг ҳар бир туман ва шаҳарларида ўтказилиши ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг онгини ёт ғоялардан асраш, китобхонликка жалб этиш орқали маънавиятини янада юксалтириш ҳамда изланиш ва қобилиятини намоён этишга имкон яратиши билан аҳамиятлидир. Зеро юртимизнинг порлоқ келажаги, тараққиётимизнинг эртанги кунини бугун олиб борилаётган ана шундай изчил ислоҳотлар самараси белгилайди.

“Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ матбуот хизмати.

  • 03.02.2020
  • 1478
Sayt xaritasi