ALOQA UCHUN

СУРХОНДАРЁДА ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИ – АМАЛДА

ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИ – АМАЛДА

Ҳар қандай давлат ва жамиятнинг тараққиёти, равнақини таъминлашда ёшлар фаолияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ушбу жиҳат инобатга олинган ҳолда, юртимизда ёшларга оид давлат сиёсати изчил амалга оширилмоқда. Ўтган йилнинг 27 декабрь санасида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев юртимизнинг бир гуруҳ фаол ёшлари билан бўлиб ўтган учрашувда бу борадаги энг устувор вазифаларга жамоатчилигимиз эътиборини қаратиб, эндиликда вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ва бошқа раҳбарлар ёшлар сиёсати масаласига эътиборни янада оширишлари лозимлигини таъкидладилар. Хусусан, “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари тажрибасини давом эттириб, ҳар ҳафтанинг бир кунини Ёшлар масалаларини ечиш куни, ҳар 15 кунда икки кунни фақат ёшлар билан ишлаш куни этиб белгиланиши кўрсатиб ўтилди. 

“Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятида  ёшлар фаолиятини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга бағишланган тадбир айни мавзуга бағишланган бўлиб, очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқотда 173 нафар ёшлар иштирок этди.

Учрашувда “Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ бош директори М. Шамсиддинов ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида эришилаётган натижалар ҳақида сўз юритди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонуни бугунги давр талабларига мос равишда ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, халқ манфаати йўлида бор салоҳиятини сафарбар қиладиган, шижоатли ёшларни тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратди.

Ёшлар билан мулоқотда, шунингдек, тизим фаолиятидаги ижобий ўзгаришлар, ёшларга қаратилаётган эътибор ҳам алоҳида эътироф этилди. Хусусан, айни пайтда электроэнергетика соҳасида ёшларининг профессионал салоҳияти ва иқтидорини рўёбга чиқариш учун қулай шароитлар яратилмоқда. Ёш мутахассисларни инновацион лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш, ёшларнинг интеллектуал, маънавий, ахлоқий ва жисмоний ривожланишига кўмаклашиш, уларнинг саломатлиги ва ижтимоий таъминотини яхшилаш, ёшлар орасида оммавий спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Ўз навбатида, салоҳиятли ёшларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, кадрлар захирасини яратиш бўйича ҳам аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Бугун Ўзбекистон тараққиёт ва ривожланишнинг янги шиддатли даврини бошдан кечирмоқда. Бундай шароитда барча соҳада билимли, сиёсий ва ижтимоий фаол, халқ манфаатини ўз шахсий манфаатидан устун қўядиган, ҳалол ва жонкуяр кадрларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Эътиборли томони шундаки, юртимиз ёшлари бу йўлда Президентимиз атрофида янада жипслашиб, камарбаста бўлишга астойдил интилишмоқда.

“Сурхондарё ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.

 

  • 27.01.2020
  • 1501
Sayt xaritasi