ALOQA UCHUN

ПИСКЕНТ ТУМАНИДА “АҚЛЛИ ҲИСОБЛАГИЧЛАР” ЎРНАТИЛМОҚДА

ПИСКЕНТ ТУМАНИДА “АҚЛЛИ ҲИСОБЛАГИЧЛАР” ЎРНАТИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори талаблари ижросини таъминлаш юзасидан “Тошкент вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан ҳам ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.

Айни кунларда Тошкент вилоятининг Пискент туманида жами 16 000 истеъмолчини режа асосида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)га улаш ва замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари бошлаб юборилиб, ҳозирга қадар туманнинг жами 5 та ҳудуди, жумладан, Файзиобод, Митан, Ҳолиқберди, Тараққиёт, Навоий маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 2 150 истеъмолчи замонавий ҳисоблагичлардан фойдаланишни бошлади.

Таъкидлаш жоизки, янги ҳисоблагичлар талай имкониятларга эгалиги билан аввалгиларидан буткул фарқ қилади, яъни янги ҳисоблагичнинг ишлаш функцияларига кўра унга ташқаридан таъсир ўтказиш мумкин эмас, бу ўз навбатида, маълумотларни сохталаштиришга уринишнинг олдини олади. Мабодо шундай ҳолат юз берганда, ҳисоблагич дарҳол ўчади ва тизимга хабар жўнатади. Қулайлигининг яна бир томони,  ҳисоблагичлар электр таъминоти корхонаси томонидан 10 йилда бир маротаба қиёсловдан ўтказилади.  Шу билан бирга аниқ ҳисоб-китобларнинг олиб борилиши орқали таъминотчи корхона ва истеъмолчилар ўртасидаги ноаниқ қарздорлик масаласи ўз ечимини топади. Бу эса истеъмолчига етказиб берилаётган электр энергияси таъминотининг барқарорлиги, хизмат сифатига ижобий таъсир кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, электр ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маблағлари ҳисобидан бепул амалга оширилиб, бу борадаги ишлар жорий йил якунига қадар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида тўлиқ ниҳоясига етказилиши белгиланган. 

                                                               “Тошкент ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.

  • 24.01.2020
  • 1426
Sayt xaritasi