ALOQA UCHUN

“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖДА ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИНИ САМАРАЛИ ТАШКИЛ ЭТИШГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ

“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖДА ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИНИ САМАРАЛИ ТАШКИЛ ЭТИШГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ

Бугун, 12 февралда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил  3 февралдаги “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини самарали ташкил қилиш чора-тадбирларига бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари Департаменти масъул ходими Ш. Шамсиддинов иштирокида ўтказилган тадбирда ҳудудий электр тармоқлари корхоналари, туман (шаҳар) электр таъминоти ва тизим корхоналари раҳбарлари, шунингдек, тегишли бошқармалар бошлиқлари ўз ҳисоботлари билан қатнашдилар.

Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Харакатлар стратегияси доирасида ҳар йили махсус Давлат дастурлари қабул қилиниб, ҳаётга жорий этиб келинмоқда. Халқ билан бамаслаҳат, уларнинг таклифлари асосида қабул қилинган бу йилги “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури 273 банддан иборат бўлиб, унда давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, ташқи сиёсат ва ҳавфсизлик йўналишлари бўйича муҳим вазифалар белгиланган.

Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Ж. Обиджонов йиғилишни кириш сўзи билан очар экан, Давлат дастурини амалга ошириш учун қарийб 30 трлн. сўм, 2,6 млрд. АҚШ доллари ва 57 млн.дан зиёд евро йўналтирилиши назарда тутилганига тўхталиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳужжат билан 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари, олдимизга қўйилган стратегик мақсадлар, яъни мамлакатимизни замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшиш, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини бундан ҳам юксалтириш борасидаги вазифалар белгилаб берилган экан, бу, ўз навбатида, биз – электр энергетикаси тизимида фаолият юритаётган соҳа ходимларига ҳам катта масъулият юклайди, – деди у. – Президентимиз Парламентга йўллаган Мурожаатномасида республикамиз барча ҳудудларида 130 минг километр узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари ва 40 мингдан ортиқ трансформатор пунктларини босқичма-босқич янгилаш бўйича дастур тасдиқланиши ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилгани электр энергетикаси тизими иқтисодиётимиз ривожида муҳим аҳамият касб этиши, соҳада амалга оширилиши кутилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан далолат бермоқда.

Жумладан, 2021 йилда 15 минг км паст кучланишли электр тармоқлари ҳамда 4 минг дона трансформатор пунктини реконструкция ва модернизация қилиш ишлари режалаштирилган бўлиб, шундан электр таъминоти оғир бўлган 4 767 та маҳалла ҳудудларида истеъмолчиларнинг электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 4 206 км масофада электр узатиш тармоқлари ҳамда 1720 дона трансформатор пункти янгидан қурилиши биринчи галдаги вазифа сифатида белгилаб олинди.

Видеоселектор йиғилишида инвестиция, маҳаллийлаштириш, кооперация алоқаларини кенгайтириш, ахборот технологиялари, шунингдек, давлат дастурларини амалга ошириш ва капитал қурилиш йўналишида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар,  “Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази” фаолияти, аҳолидан электр энергияси таъминотига оид келиб тушаётган мурожаатлар бўйича ҳисоботлар эшитилиб, келгуси режаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек,  жорий йилда амалга ошириладиган ишлар туманлар, шаҳарлар ва улардаги маҳаллалар кесимида ташкил этилиши шарт.

Таҳлил натижаларига кўра, 2020 йилда жисмоний ва юридик шахслардан жами 83 127 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 55 528 та (68 фоиз) қаноатлантирилган, 27 599 та (32,0 фоиз) тушунтиришлар берилган. Мурожаатларнинг аксарияти Сурхондарё, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Андижон ва Тошкент вилоятларидан йўлланган. Шулардан келиб чиқилиб, истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлаш борасида раҳбарлар ва ижрочиларнинг шахсий масъулиятини ошириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолишига йиғилганлар эътибори қаратилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Давлат дастурини ҳаётга жорий этишда фаол иштирокчига айланиш ҳар бир соҳа ходимининг бурчи эканлиги, зеро унда белгилаб берилган вазифалар халқимиз манфаатларига қаратилгани ва унга бефарқ бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Йиғилиш сўнгида тизимда фаолият юритаётган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиш ва малакасини янада ошириш, саломатлигини мустаҳамлашга қаратилган чора-тадбирларни самарали ташкил этишга муҳим аҳамият қаратиш зарурлиги қайд этилди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.

  • 12.02.2021
  • 1665
Sayt xaritasi