ALOQA UCHUN

ЭНЕРГЕТИКА СЕКТОРИГА БОЗОР ҚОИДАЛАРИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ ВА «ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ КОДЕКСИ» ИШЛАБ ЧИҚИЛАДИ

ЭНЕРГЕТИКА СЕКТОРИГА БОЗОР ҚОИДАЛАРИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ ВА «ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ КОДЕКСИ» ИШЛАБ ЧИҚИЛАДИ

Жорий йил 23 октябрь куни «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида Энергетика вазирлиги ҳамда қатор халқаро молия институтлари иштирокида Ўзбекистон энергетика секторини янада ислоҳ қилишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Энергетика вазирлиги тизимидаги ташкилотлар, хусусан, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбарияти ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон энергетика секторига давлат-хусусий шерикчилик тизими асосида бозор қоидаларини жорий этиш босқичлари ҳақида маълумот берилди.

Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, қатор халқаро юридик ва аудиторлик компаниялари вакиллари, шунингдек халқаро экспертлар ва маслаҳатчилар муҳокаманинг онлайн иштирокчилари бўлди.

Давра суҳбати давомида электр энергетика ва нефть-газ тармоқларини янада ислоҳ қилиш бўйича Тавсиялар ва Йўл хариталари муҳокама қилиниб, уларни тайёрлашда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг халқаро экспертлари ва маслаҳатчилари иштирок этди. 

Экспертлар томонидан таъкидланганидек, энергетика секторида бундай кенг кўламли ислоҳотларнинг амалга оширилиши корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш, бозор механизмларига ўтиш, истеъмолчиларга арзон ва кафолатланган электр энергияси ва газ етказиб беришни кўзда тутувчи хизматлар сифатини ошириш, энергетика саноати барқарорлигига эришиш, энергия ресурсларини самарали ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш имконини беради.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, жорий йилнинг 20 август куни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Тошкентда Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази фойдаланишга топширилишилди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, Жанубий Кореянинг «KT Corporation» компанияси ҳамда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳамкорлигида амалга оширилган мазкур лойиҳа мамлакатимизда энергетика соҳасини янада ривожлантириш, хусусан, электр энергия таъминотида инновацион технология ва ечимлардан фойдаланиш имконини кенгайтиргани билан аҳамиятлидир.

Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 августдаги 465-сон “Электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси бюджетини қўллаб-қувватлаш учун Франция тараққиёт агентлигининг 150 миллион евро миқдоридаги кредитини жалб қилиш тўғрисида”ги қарори тасдиқланди.

Муҳокамалар давомида давлат энергетика корхоналарини хусусийлаштириш мавзусига ҳам тўхталиб ўтилди. Халқаро маслаҳатчилар либераллаштириш ҳар доим ҳам хусусийлаштиришни англатмайди, бунга пухта ёндашиш, биринчи навбатда, бунинг учун зарур Қонунчилик базасини яратиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.

Халқаро молия институтлари вакиллари энергетика соҳасида таклиф этилаётган ислоҳотларни амалга оширишда келгусида техник ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирдилар.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.

  • 26.10.2020
  • 2854