ALOQA UCHUN

ВОДИЙ ВИЛОЯТЛАРИ ЭНЕРГЕТИКА ТИЗИМИ КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРМИ?

ВОДИЙ ВИЛОЯТЛАРИ ЭНЕРГЕТИКА ТИЗИМИ КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРМИ?

Хабарингиз бор, айни кунларда Энергетика вазирлиги махсус штаби мамлакатимиз ҳудудларида соҳада олиб борилаётган ишларни таҳлил қилиш, ҳудудларда аҳоли ва саноат корхоналарини 2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумида электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида водий вилоятларида бўлиб турибди.

Навбатдаги танишув Андижон вилоятида бўлди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан, жорий куз-қиш мавсумини беталафот ўтказилишини таъминлаш, вилоятлар, шаҳарлар ва айниқса, қишлоқ туманларида ижтимоий-иқтисодий соҳа объектларини барқарор ишлашга тайёрлаш, жумладан, электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган.

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар доирасида Андижон вилоятида жорий йил бошидан 3 дона 35-110 кВ кучланишли куч трансформатори, 1300 км узунликда 110-0,4 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари, 480 дона 6-10/0,4 кВ кучланишли трансформатор пункти ҳамда 450 дона тармоқ трансформатори мукаммал таъмирдан чиқарилганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Яна 1 дона 110 кВ кучланишли куч трансформатори, 285 км узунликдаги 110-0,4 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари, 101 дона 6-10/0,4 кВ кучланишли трансформатор пунктлари ҳамда 300 донадан ортиқ тармоқ трансформаторини йил охиригача мукаммал таъмирлаш кўзда тутилган. Шу билан бирга, 41 та махсус автотранспорт воситаси шай ҳолатга келтирилиб, электр энергиясидан ва ёнғиндан сақланиш учун ҳимоя воситалари билан жиҳозланди.

Ишчи гуруҳ Асака туманидаги “ПС-Автозавод” нимстанцияси фаолияти билан яқиндан танишиб, бу ерда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини белгиланган муддатда тугатиш юзасидан топшириқлар берилди.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари 80 фоизга бажарилган, – дейди нимстанция бошлиғи Расулжон Ҳайдаров. – Қисқа муддат ичида бу борадаги ишлар тўла якунланади.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари Шаҳрихон ва Избоскан туманларидаги энергообъектлар ҳолати билан танишиб чиқишди.

Штаб аъзолари эртага Фарғона вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари билан танишишади.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.

  • 08.09.2020
  • 1512
Sayt xaritasi