Call-center: 1154

“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖ ТОМОНИДАН ЯНГИ МАРКАЗ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖ ТОМОНИДАН ЯНГИ МАРКАЗ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Жорий йилнинг 20 август куни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Тошкентда Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази фойдаланишга топширилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, маҳаллий ҳукумат ва давлат идоралари, вазирлик ва энергетика соҳаси ходимлари иштирок этдилар.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, Жанубий Кореянинг «KT Corporation» компанияси ҳамда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳамкорлигида амалга оширилган мазкур лойиҳа мамлакатимизда энергетика соҳасини янада ривожлантириш, хусусан, электр энергия таъминотида инновацион технология ва ечимлардан фойдаланиш имконини кенгайтиргани билан аҳамиятлидир.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги  “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2021 йил июль ойига қадар республика бўйлаб 7,4 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг барчаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиши кўзда тутилган.

Айни кунларда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари изчиллик билан олиб борилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Тадбир иштиркочилари Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази ҳақидаги тақдимотлар билан яқиндан таништирилди.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев журналистлар билан мулоқоти чоғида таъкидлаганидек, илгарилари электр энергияси учун ҳақ тўлаган ёки, аксинча, тўловни амалга оширмаган истеъмолчилар баравар электр таъминотидан ажратилган. Мазкур тизимга тўлиқ ўтилгач эса фойдаланилган электр энергияси учун тўловни амалга оширган одамнинг уйида ҳеч қандай электр узилиши бўлмайди.

Худди чўнтагингиздаги телефон алоқаси сингари, яъни мобил компаниясига маблағ ўтказган бўлсангиз, телефонингиз ишлайди, пули тугадими – ўчади. Бу, ўз навбатида, қарздорликларни камайтиришга хизмат қилади, яъни дебитор қарздорлик ўз-ўзидан йўқолади. – Ҳамкорларимизга келсак, маълумки, Жанубий Корея киберхавфсизлик бўйича дунёда етакчи ўринларни эгаллайди. Шуларни ҳисобга олган ҳолда ҳамкорлик учун тендер асосида айни шу мамлакатни танлаганмиз.

Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси томонидан ушбу марказга Корея, Хитой, Сингапур ва АҚШ каби дунёнинг етакчи давлатларида ишлаб чиқарилган сервер қурилмалари олиб келингани, ўрнатилган дастурий таъминот 8,0 млн. истеъмолчини улашга мўлжалланган бўлиб, келгусида истемолчилар сонини 20,0 млн.га етказиш имконияти мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

“КТ Corporation” компанияси ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ўртасида 2019 йил январь ойида электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази ташкил этиш бўйича қўшимча келишув битими имзоланиши ана шу мақсад йўлида қўйилган дадил қадам бўлди. Ўтган йилнинг ноябрь ойига келиб келишув доирасида молиявий ҳамкор – ОТБ вакиллари иштирокида марказ биносининг ички қисмини тўлиқ реконструкция қилиш ва сервер қурилмаларини ўрнатиш орқали объектни ҳудудлардаги электр энергияси ҳисоблагичлари маълумотларини қайта ишлаш республика ягона марказига интеграция қилиш ишлари бошланган эди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ муҳандислар жамоаси ва мазкур лойиҳани амалга оширишга ҳисса қўшган барча ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан 20 ой давомида биргаликда ишладик, – деди “КТ Corporation” компанияси вице-президенти, лойиҳа бош пудратчиси Ли Хансуп. – Айниқса, пандемия давридаги мураккаб шароитларда жипслашиб, ҳар томонлама бир-биримизни қўллаб-қувватлаганимиз умумий муваффақиятни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ушбу марказ ўзбек халқи фаровонлигига хизмат қилиши баробарида соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, республикада рақамли иқтисодиётни ривожлантириш орқали халқаро миқёсда ҳам ўзининг муносиб ўрнини эгаллаши шубҳасиз. Зеро, бунинг учун Ўзбекистонда барча имконият, шароит мавжуд.

Тадбирда, шунингдек, Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш марказида республика, вилоят, туман (шаҳар) ва маҳаллалар  кесимида электр энергияси истеъмолчиларининг маълумотлари сақланиши, шу билан бир қаторда  дастурий таъминот орқали электр энергиясининг соатлик, суткалик, ойлик ва йиллик балансларини шаклллантириш, кўп тарифлик тизимида ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкони мавжуд эканлиги қайд этиб ўтилди. Бундан ташқари, қарздор истеъмолчиларни тўлиқ автоматик равишда ўчириш ва сарф қилинган электр энергияси учун тўлов амалга оширилгандан сўнг қайта ёқиш, масофадан туриб электр ҳисоблагичларни қайта дастурлаш, истеъмолчилар ҳисоблагичларидан олинган маълумотларни қайта ишлаш ҳамда энергетика тизимини назорат қилиш каби вазифаларни амалга ошириши тақдимотлар орқали тушунтириб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, аввалги дастурдан фарқли равишда ушбу дастурий таъминотга энергообъектларни (нимстанциялар, электр станциялар) ҳам улаш имкони яратилади. Бугунги кунда Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида кичик марказлар қурилган бўлиб, Самарқанд вилоятидаги сервер захира (Back-up) сифатида фойдаланишга топширилди.

Маълумот ўрнида: ҳозирга қадар республикамизнинг 70 дан ортиқ туман ва шаҳарларида 3,6 миллиондан зиёд истеъмолчи хонадонларига замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатиб берилди. Таҳлил натижалари ушбу тизимнинг синов лойиҳасини амалга ошириш давомида истеъмолчилардан фойдаланилган электр энергияси учун ҳақ тўлаш даражаси 99 фоизгача ўсганлигини кўрсатди.

                                      “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати.

  • 20.08.2020
  • 132
Diqqat! Veb-sayt test holatida ishlamoqda.