Call-center: 1154

ТРАНСФОРМАТОРЛАР ИШЛАШ МУДДАТИ УЗАЙТИРИЛМОҚДА

ТРАНСФОРМАТОРЛАР ИШЛАШ МУДДАТИ УЗАЙТИРИЛМОҚДА

Маълумки, истеъмолчиларни сифатли электр энергияси билан таъминлашда трансформаторлар муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" AЖ балансида 3 433 та турли хил кучланишдаги трансформаторлар мавжуд бўлиб, уларнинг сони йил сайин ортиб бормоқда.

Аҳоли хонадонлари ва ишлаб чиқариш объектларини электр энергияси билан ишончли ҳамда узлуксиз таъминлаш мақсадида электр таъминоти қурилмаларини ўз вақтида ҳамда сифатли таъмирлаш учун айни пайтда  трансформаторни таъмирлаш цехи ходимлари мустақил равишда 25 кВА дан 1000 кВА гача бўлган трансформаторлар магнит майдонини ҳосил қилувчи пўлат ўзакларини таъмирлаш, паст ва юқори кучланишли чулғамларини қайта ураш ва изоляция қилиш ҳамда мойини алмаштириш ишларини олиб боришмоқда.

 Барча таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун зарур асбоб-ускуналар ва жиҳозлар мавжуд, –дейди цех бошлиғи Мақсуд Элмуродов. – Умуман олганда, жорий йилда ҳар хил қувватдаги 100 донага яқин трансформатор тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Шубҳасиз, ҳар қандай ишлаб чиқариш, биринчи навбатда, ходимлар – виждонли, малакали, ўз ишига масъулият билан ёндашадиган мутахассислар бўлиб, улар ўзларининг кундалик ишлари орқали корхонамиз ривожига муайян ҳисса қўшадилар.

Таъкидлаш жоизки, вилоят истеъмолчиларига барқарор ва сифатли электр энергияси етказиб беришда цехда кўп йиллар давомида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимларнинг катта хизмати бор. Ўз соҳаларидаги ҳақиқий профессионаллар, хусусан, электромантёр Рустам Икромов, мой тозалаш ускунасида ишловчи Салим Ҳакимов, қолганларга ўрнак бўлаётган бригадир Комил Авезов, уста Ойбек Ҳасанов ва цехнинг ҳужжатлари, ташкилий масалалари билан банд техник Сурайё Зоирова каби ходимлар шулар жумласидан.

Цехнинг ҳозирги раҳбари ҳам ўз фаолиятини электромонтёрликдан бошлаган. Унга ҳозирги хизмат вазифаси ушбу соҳани яхши биладиган мутахассис сифатида ишониб топширилди. Ўйлаймизки, келажакда корхонанинг кичик бир жамоаси таъмирлаш сифатини ошириш ва трансформаторларнинг ишлаш муддатини узайтириш учун астойдил меҳнат қиладилар.

"Навоий ҲЭТК" АЖ матбуот хизмати.

  • 03.07.2020
  • 198
Diqqat! Veb-sayt test holatida ishlamoqda.