Call-center: 1154

"ҲАР БИР АМАЛГА ОШИРАЁТГАН ИШИМИЗ ХАЛҚИМИЗ МАНФААТИ УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛИШИ КЕРАК"

"ҲАР БИР АМАЛГА ОШИРАЁТГАН ИШИМИЗ ХАЛҚИМИЗ МАНФААТИ УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛИШИ КЕРАК"

"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ бошқарув раиси Улуғбек МУСТАФОЕВ Наманганда соҳада олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Наманган шаҳар электр таъминоти корхонасида бўлиб ўтган учрашув давомида таъкидланганидек, корхона биноси 2019 йилга қадар таъмирталаб бўлиб, фуқароларни қабул қилиш зали замон талабларига жавоб бермас, иситиш тизими яроқсиз ҳолатда эди. Олиб борилган мукаммал қурилиш-таъмирлаш ишларидан сўнг, жорий йил май ойида корхона биноси фойдаланишга топширилди.

Бошқарув раиси томонидан корхона фаолияти, фуқароларга кўрсатилаётган хизмат сифати, ходимларга яратилган шарт-шароитлар ҳамда электр энергиясини истеъмолчиларга сифатли етказиб бериш чоралари қай даражада олиб борилаётганлиги ўрганилди.

Сўнгра “Наманган ҲЭТК” АЖ томонидан амалиётга татбиқ этилган ҳамда истиқболли лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Хусусан, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизими (АСКУЭ)га уланган замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш, унинг афзаллик ва қулайликлари ҳақида аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларининг  самарадорлиги, шунингдек, вилоятдаги мавжуд юқори ва паст кучланишли тармоқ ҳамда трансформатор пунктларини модернизация қилиш ва янгилаш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар юзасидан ҳисоботлар тингланди.

Қурилиш лойиҳалари ҳам эътибордан четда қолмади. Жумладан, жамиятда ташкил этилган темир-бетон таянч маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш Дастури тўғрисида”ги ПҚ-2661 сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан Наманган вилояти учун йиллик 55 минг дона темир-бетон таянч ва траверс маҳсулотларига бўлган талабдан келиб чиқиб ҳамда авваллари таянчлар бошқа вилоятда жойлашган заводлардан олиб келинганлиги боис таннархи қимматлашиб, қўшимча харажатлар келтириб чиқарганлиги, бунинг оқибатида эса электр таъминотида узилишлар кўп бўлганлиги ҳисобга олиниб, “Наманган ҲЭТК” АЖ томонидан темир-бетон таянчлар ишлаб чиқариш заводи қурилди. Бугунги кунда бу ерда 18 турдаги темир-бетон ва траверс маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши натижасида  бир йилда 5,1 млрд сўм маблағ тежалишига эришилади.

Жамият моддий-техник базасини кенгайтириш мақсадида юк кўтариш қуввати 7 тонна бўлган кран манипулятор машинаси сотиб олингани модернизация ва янгилаш ишларини тезкор ва сифатли амалга оширилиши ҳамда ортиқча маблағ сарфини камайтиришга хизмат қилади.

Учрашув сўнгида Бошқарув раиси истиқболли лойиҳаларни ишга тушириш, олиб борилаётган ишлар сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, замон талабларига мос технологиялардан фойдаланиш, уларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, шунингдек, жамиятда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор бериш кераклигини таъкидлади.

“Наманган ҲЭТК" АЖ матбуот хизмати.

  • 25.06.2020
  • 414
Diqqat! Veb-sayt test holatida ishlamoqda.