ALOQA UCHUN

“ТОШКЕНТ ҲЭТК” АЖ ТОМОНИДАН ҚАРОР ИЖРОСИ ТАЪМИНЛАНМОҚДА

“ТОШКЕНТ ҲЭТК” АЖ ТОМОНИДАН ҚАРОР ИЖРОСИ ТАЪМИНЛАНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 декабрдаги “Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси жорий қилинишини ва унинг ишлашини таъминлашга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ амалга ошириш мақсадида “Тошкент ҲЭТК” АЖ томонидан ўқув-амалий семинар ташкил қилинди.

 Семинарда жамиятнинг Ходимлар билан ишлаш бўлими, жойлардаги туман, шаҳар электр таъминоти корхоналари инспекторлари ҳамда техник ходимларга юқоридаги Қарорда белгиланган вазифа ва топшириқларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, ижроси ўз вақтида таъминланиши бўйича керакли кўникмаларга эга бўлдилар.

Таъкидлаш жоизки, жамият раҳбарияти томонидан “Ягона миллий меҳнат тизими”ни кенг жорий этиш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда. Хусусан, замонавий русумдаги 12 дона компьютер, принтер ускуналари харид қилиниб, Интернет тизимига тўлиқ уланиши натижасида электрон база яратилди ҳамда кунлик қилинган ишлар бўйича мониторинг олиб борилиши йўлга қўйилди. Шу кунгача штат бирлигида мавжуд 2 600 ишчи-ходимдан умумий республика базасига 1 100 ходим маълумотлари киритилди.

– Қарор асосида татбиқ этилаётган ушбу дастурий тизим орқали илгари меҳнат муносабатларида қўлланилган меҳнат дафтарчасидаги камчиликлар, хусусан, уларнинг йўқолиши, сифатсиз ҳолга келиши каби муаммолар  ўз ечимини топиши, архив базасининг электрон шаклга келтирилиши эса бир неча йиллар муқаддам ишлаб кетган ходимнинг  пенсияга чиқишга доир ва бошқа кўп зиддиятли саволларга тўлиқ барҳам берилишига хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, ходимларнинг узоқ масофаларга сарсон-саргардон бўлишларига чек қўйилиб, иш вақтининг тежалиши, қолаверса электр таъминоти корхоналари ходимлар бўйича инспекторларнинг иш самарадорлигини янада ошириш имконини яратади, – дейди катта инспектор Н. Мисиров.                        

Савол-жавоб тарзида ўтказилган семинарда иштрокчилар билан амалий машғулотлар ҳам ўтказилди.

 “Тошкент ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.

  • 10.02.2020
  • 1471
Sayt xaritasi